Жамият | 19:05 / 10.05.2017
21215
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг оғир вазнли киши операция қилинди

Фото: sg.style.yahoo.com

Дунёдаги энг оғир вазнли киши ҳисобланган Хуан Педро Франко Мексикада муваффақиятли операция қилинди. 595 килограмм вазнли кишининг ошқозонида махсус жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Agence France Presse 10 май куни шу ҳақида хабар берди

Операция Франкога вазнини икки карра камайтиришга ёрдам бериши керак. Таъкидланишича, беморни камида яна бир операция кутмоқда, лекин аввал ўзгаришларнинг организмга таъсирини кузатиш зарур. Иккинчи операция тахминан 2017 йилнинг ноябрь ойига мўлжалланган: унинг ошқозони ва ичаклари ҳажми кичрайтирилади.

Франко узоқ йиллар давомида тўшакка михланиб қолган. The Daily Mirror'га кўра, у операция қилиниш ҳуқуқини қўлга киритгунча 27 килограммга озишига тўғри келган: шифокорлар эркак вазнини тўғирлаши учун тайёр эканига ишонч ҳосил қилиши керак бўлган. Бундан ташқари, Франко қондаги қанд миқдори ва қон босими кўрсаткичларини кузатиши керак бўлган.

2016 йилда дунёнинг энг оғир вазнли кишиси мексикалик Мануэль Урибе ҳалок бўлган. 2007 йилда унинг вазни 597 килограмм бўлган. Парҳез ва шифокорлар ёрдами билан у 2008 йилда 360 килграммгача озишга муваффақ бўлган. Ўлими олдидан унинг вазни 394 килограмм бўлган.

Мавзуга оид