Жамият | 08:10 / 09.10.2025
62723
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда сиам эгизаклари шошилинч равишда ноёб операция орқали ажратиб олинди

Чирчиқ шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида ноёб операция ўтказилди.

Ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида “кесарча кесиш” йўли билан муддатидан аввал дунёга келган сиам эгизаклари туғуруқдан 9 соат ўтиб, шошилинч равишда, устига-устак, маҳаллий шароитда ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинди.

Беш соат давом этган юқори технологик операция Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар томонидан бажарилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ушбу чақалоқлар ҳолидан хабар олди. - Бундай ўта мураккаб амалиётлар ҳамма давлатларда ҳам амалга оширилавермайди, - деди вазир. - Ҳатто, тиббиёти тараққий этган мамлакатларда ҳам узоқ муддатли таҳлиллар ва катта тайёргарликдан сўнг бажарилади. Чунки бу - ўта ноёб операция. Мана шундай муддатидан аввал туғилган сиам эгизакларининг шошилинч равишда ҳамда вилоят даражасида муваффақиятли ажратиб олиниши мамлакатимиз тиббиёти янги босқичга кўтарилганининг ёрқин далилидир.

Сиам эгизакларини ажратиб олиш операциясида иштирок этган бир гуруҳ мутахассислар вазир А.Худоёров томонидан “Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Саломатлиги яхшиланган жажжи беморлар ва уларнинг онасига кеча шифохонадан уйига жавоб берилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид