Ўзбекистон | 12:37 / 10.05.2017
5186
2 дақиқада ўқилади

Комилов БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари билан учрашди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

2017 йилнинг 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зейд Раад ал-Ҳусайн билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди. 

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан БМТ ва унинг институтлари, жумладан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Турли шакллардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида томонларда ўзаро қизиқиш мавжудлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ислоҳотлар ва тараққиётга оид сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралади. Демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг тўлақонли ва изчил дастури 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан ўрин олган.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилган ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 10 та асосий конвенциясини ратификация қилган, доимий равишда ушбу жабҳадаги ўз мажбуриятларининг бажарилиши борасида тегишли тузилмаларга ҳисоботларни тақдим этиб келмоқда. 

Учрашувда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Музокараларда БМТнинг Резидент-координатори, БМТ Ривожланиш дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Стефан Приснер ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий вакили Ришард Коменда иштирок этди.

Мавзуга оид