Жаҳон | 13:26
844
4 дақиқада ўқилади

Урушлар, оғир қарз юклари, валюталар заифлашуви, тенгсизлик ва азоб – Гутерриш бугунги дунё ҳақида нутқ сўзлади

БМТнинг Ню Йоркдаги бош қароргоҳида юқори даражадаги сиёсий форумнинг ялпи сессиясида бош котиб дунёнинг ҳозирги аҳволи ҳақида чиқиш қилди. 15 дақиқалик нутқида у фақат бир марта урушларни тўхтатишга чақирди. Айниқса, ривожланаётган давлатлар оғир қарз юклари, валюталарнинг заифлашуви, чекланган фискал имкониятлар, кредитлаш харажатларининг ошиши ташкилот режаларини чиппакка чиқарганини қўшимча қилди.

7 июлдан бери БМТ бош қароргоҳида юқори даражадаги сиёсий форум бўлиб ўтмоқда. Унда аъзо давлатлардан делегациялар, ҳукумат аъзолари ҳамда ташкилотдаги миссиялар вакиллари қатнашмоқда. Асосий мавзу – 2030 йилгача белгиланган барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда уларнинг бориши. Ташкилотга кўра, тузилган режалар жиддий тўсиқларга учради, уларнинг ярмини ҳам амалга ошириш имконсиз.

13 июл куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш форум ялпи сессиясида чиқиш қиларкан, бугунги дунёга назар солди. Бундан 10 йил аввал бошланган сафаримиз жиддий тўсиқларга учради, лекин баъзи ютуқларга ҳам эришдик. Масалан, оналар ва болалар ўлими даражаси пасайди, ижтимоий ҳимоя кучайди, тоза ичимлик суви ва санитария, электр энергияси, интернетдан фойдаланиш имкониятлари кенгайди, дейди у.

“Афсуски, биз энг қийин даврдамиз. Можаролар кўпаймоқда, энг олий ҳокимиятларни тенгсизлик қамраб олди. Миллионлаб одамлар узоқ давом этадиган азоб-уқубатлар, беқарорлик ҳамда кўчманчилик гирдобида қолиб кетмоқда”, дея таъкидлади Гутерриш.

Бош котибнинг қўшимча қилишича, ривожланаётган мамлакатлар оғир қарз юклари, валюталарнинг заифлашуви, инвестициялар етишмаслиги, кредитлаш харажатларининг ошиши ҳамда чекланган фискал имкониятлар туфайли юзага келган молиявий муаммолар қуршовида қолмоқда.

Антониу Гутерриш қарийб 15 дақиқалик чиқишида фақат бир марта урушларни, жумладан, Ғазо, Ливан ва Форс кўрфазидаги ўт очишларни тўхтатишга чақирди. Яқин Шарқдаги можаро тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ишдан чиқаришдан ташқари, ёқилғи, ўғитлар, озиқ-овқат нархларининг кескин ошишига олиб келди, глобал савдо, транспорт ҳамда туризмни издан чиқарди, дейди у.

Шунингдек, бош котиб давлатлардан халқаро ҳуқуққа мувофиқ миллий навигация ҳуқуқлари ҳамда эркинликларидан фойдаланишни ҳурмат қилишни сўради.

БМТнинг 2026 йилги ҳисоботига кўра, 2030 йилгача қўйилган мақсадлардан атиги 36 фоизи ўз маромида бормоқда холос. Бундан ташқари, ҳозиргача эришилган ютуқларга қарамай, бугун дунёда тахминан 2,2 млрд киши хавфсиз бошқариладиган ичимлик сувига эга эмас, 3,5 млрд киши эса нормал санитария талаблари асосида сув ичмайди.

Гутерришнинг қўшимча қилишича, дунё кетма-кет 11- йил иссиқ даврни бошдан кечирмоқда. Агар иқлим ўзгариши 1,5 даражадан пастда ушланмаса, 2 даражадан ўтиб кетса, оқибати оғир кечади.

Глобал муаммолардан яна бири – уй-жой инқирози, бошпанасизлик. Давлатлар энди ақлли, чидамли ва хавфсиз шаҳарларни қуриш мажбуриятини ҳам олиши керак.

БМТ бош котиби кутилганидек, пул етишмаслигидан нолиди. Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ҳар йилги молиявий етишмовчилик – 4 триллион доллар эканини айтиб ўтиб кетди.

“Ривожланаётган мамлакатлар ривожланган иқтисодларга қараганда бир неча баравар кўпроқ кредит харажатларига тўғри келмоқда. Шунда бундай тизимлар халқига пул сарфлаш ўрнига кредитни сўндиришга сарфламоқда”, дейди Гутерриш. Ривожланишга ёрдам рекорд даражада пасайган, бундан 10 йил аввалга миқдорга тушиб қолди, дея қўшимча қилади у.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид