Жаҳон | 10:55
1091
2 дақиқада ўқилади

БМТ ҳусийчилар ва Саудия ўртасидаги кескинликдан хавотир билдирди

Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийчилар ҳаракати Саудия Арабистонидаги Абҳа халқаро аэропортига ракета ва дронлар ёрдамида ҳужум уюштирганини маълум қилди. Ар-Риёд эса жанубий ҳудудга йўналтирилган ракеталар ҳаво мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилинганини билдирди.

Фото: Osamah Abdulrahman/AP Photo/dpa/picture alliance

Associated Press ва Reuters агентликлари хабарига кўра, Ямандаги «Ансор Аллоҳ» ҳаракатига мансуб ҳусийчилар Абҳа халқаро аэропортини нишонга олгани ҳақида баёнот берди. Ҳужум ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари орқали амалга оширилгани айтилмоқда.

Ҳозирча ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳусийчилар қуролли кучлари вакили Яҳё Сариа Telegram орқали эълон қилган видеомурожаатида авиакомпанияларни Саудия Арабистони ҳаво ҳудудидан фойдаланмасликка чақирди. Унинг таъкидлашича, бу огоҳлантиришлар Сана халқаро аэропортига нисбатан жорий этилган блокада бекор қилинмагунча амал қилади.

Саудия ракеталар ушланганини маълум қилди

Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий коалиция вакили ижтимоий тармоқдаги баёнотида ҳусийчилар томонидан мамлакатнинг жанубий қисмига учирилган ракеталар ҳавода муваффақиятли йўқ қилинганини билдирди.

Бу ҳусийчилар томонидан 2022 йил март ойида норасмий сулҳ кучга кирганидан бери Саудия Арабистонига қилинган биринчи ҳужум сифатида баҳоланмоқда.

БМТ хавотир билдирди

Мазкур воқеа муносабати билан чақирилган БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида минтақада можаронинг янада кенгайиши мумкинлиги юзасидан жиддий хавотирлар билдирилди.

БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Ҳолид Хиарийнинг айтишича, Яман ҳам, бутун минтақа ҳам яна бир қуролли кескинлик тўлқинига дош бера олмайди.

У барча томонларни БМТ воситачилигидаги музокараларда конструктив иштирок этишга чақирди.

Яманда ҳам ҳаво зарбалари давом этмоқда

Шунингдек, Яман Мудофаа вазирлиги 13 июл куни мамлакат қуролли кучлари ҳусийчилар назоратидаги Сано халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагига зарба берганини маълум қилди. Вазирлик бу ҳужум Эрон самолётининг қўнишига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилганини билдирган.

Ҳусийчилар жорий йил март ойида АҚШ ва Исроил бошлаган ҳарбий ҳаракатлар фонида Эрон томонида туриб Исроилга қарши ракета ҳужумларини ҳам қайта тиклаган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид