Остоналик аёл Назарбоевдан ёрдам сўрашнинг ажойиб усулини ўйлаб топди
Остонада яшовчи 52 ёшли Насипкул Уябаева бузилишга тушган уйининг ташқи деворларини Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг рангли принтерда чоп этилган суратлари билан қоплаб чиқди.
Аёлнинг айтишича, у уйи деворларига Назарбоевнинг 91 та суратини ёпиштириб чиққан. Аёл шу йўл билан собиқ "Майский" боғдорчилик ширкатидаги ўз уйининг бузилишини тўхтатмоқчи. Суд ижрочилари ҳозирча бузилиш ишлари ўтказиладиган жойга келишмаган.
Аёлнинг айтишича, у бу уйни 10 йил аввал сотиб олган. Олди-сотди ҳужжатлари тўғри
расмийлаштирилган ва аёл бу муаммо чиқмагунча бу уйда 8 йил тинчгина яшаб келаётганди.
"Мен бу уйни жисмоний шахсдан сотиб олганман. Бу менинг мулким. Мен бу ерда яшайман, рўйхатдан ўтганман. Бу уйда менинг қариндошларим: укам рафиқаси ва фарзандлари билан ҳамда синглим яшайдилар", деб айтмоқда аёл.
Аёлга уйининг бузилишини маълум қилган амалдорларнинг таъкидлашича, уй ўрнида "КазМунайГаз" компанияси ходимлари фарзандлари учун болалар боғчаси бунёд этилади.
"Бу муаммо 2,5 йил, 2014 йил октябридан бери давом этмоқда. Ҳокимиятдан келиб, уйим бузилишини, унинг ўрнида болалар боғчаси қурилишини айтишди. Мен харидорнинг ўзи келсин, деб айтганман. Мен умуман уйимни сотмоқчи эмасман. Бироқ уларга менинг ерим керак экан, шаҳар албатта ривожланиши зарур, шунинг учун уйни бузмоқчи бўлаётганлар мен билан келишиб олсинлар. Мен бунга қаршимасман. Улар эртасига яна келиб, ҳудудни бўшатиб қўйишимни, бу ер уларга тегишли эканини айтишди. Менга 10 минг доллар товон пули, яъни мен бу уйни 2007 йилда сотиб олган пулимга тенг пулни таклиф қилишди. Бироқ бу сумма мени қаноатлантирмайди. Менга бошқа ҳеч нарса таклиф қилишмади", деб аччиқланмоқда аёл.
Уябаеванинг фикрича, амалдорларнинг ҳаракатлари ноқонуний бўлиб, у бу акцияни амалга оширишга мажбур бўлган.
"Амалдорларнинг уйимизни бузиш бўйича ҳаракатлари ноқонунийдир. Охирги марта ҳокимият ходимлари бизни уйдан куч билан чиқариш билан таҳдид қилишган. Уларнинг айтишича, бу менинг ерим эмас экан. Улар бизни "КазМунайГаз"га бор-бутимиз билан сотиб юборишган. Пулларни ўзларига олиб, бизга беришмаяпти. Улар қонунни бузмоқдалар", деб таъкидламоқда аёл.
У ўз акцияси билан президент эътиборини қаратмоқчи ва унинг ҳимоя қилишини истамоқда.
"Улар барча ишни президент ортидан қилишмоқда. Хоҳлаган ишларини қилишмоқда. Мен президентга, Дариға Назарбоевага, депутатга, прокурорга ёзганман. Уларга менинг нидоларим етиб бормади. Мен бизни президент эшитишини истайман! Мен бу суратни нега ёпиштириб чиқдим? Чунки амалдорлар Худодан ҳам, бандасидан ҳам кўрқмайдилар, зора президентимиздан қўрқсалар. Президентимиз халқ яхши яшаши, порлоқ келажагимиз, ҳаммаси олий даражада бўлиши учун ўз сиёсатини юргазади, улар бўлса биздан шахсий еримизни тортиб олиб, бизни кўчага ҳайдаб чиқармоқдалар. Мен 27 йил ўз соғлиғимни амалдорлар ўзбошимчалик қилишлари учун кетказмаганман. Мен президент бизни эшитишини, уни қўл остидагилар нималар қилаётганини кўришини истайман", деб куюниб гапирмоқда аёл.
"Мен қонунни бузмаяпман. Мен шунчаки аёлман. Аёл нима ҳам қила оларди? Мен уришишни, ёқалашишни истамайман. Мен заифа аёлман. Мен Элбошидан ҳимоя сўрайман", деб қўшимча қилди аёл.
Аёлнинг айтишича, унинг бу акциясига фақатгина ОАВ эътибор қаратди.
Собиқ ширкат Остона чеккасида жойлашган. Ўнлаб йиллар давомида бу ҳудуд Остонадан ташқарида бўлган. Бироқ янги мингйилликда кенгаётган Остона дала ҳовлилар жойлашган даҳаларни ўз ичига қўшиб олган. Уйи бузилаётган кўплаб одамлар уйлари бузилаётгандан ва уларга бунинг учун таклиф қилинаётган компенсация миқдоридан норози бўлмоқдалар.
Остонада 21 апрелда "ЭКСПО 2017" кўргазмасига тайёрланиш масалаларига бағишланган йиғилишда Назарбоев Остона марказида эски уйларнинг мавжудлигидан аччиғи чиққан. Унинг фикрича, бундай уйлар шаҳар манзарасига путур етказади. У шунда Остона ҳокими Асет Исекешевга юзланиб, "У ерга сайёҳлар борадилар ва суратга оладилар, сўнгра бутун дунёга кўрсатадилар. Усти ялтироқ, ичи қалтироқ, деб куладилар" деб айтганди ва эски уйларни бузиб ташлашни буюрганди.
Мавзуга оид
07:24 / 02.09.2024
Суд қарорисиз ва уй эгасига компенсация тўламасдан туриб уй-жойни бузиш тақиқланади
18:42 / 30.08.2024
Назарбоевнинг собиқ келини одам ўғирлашда айбланиб, 12 йилга қамалди
18:58 / 17.08.2024
Остона аэропорти самолётнинг фавқулодда қўнишидан кейин ёпилди
22:01 / 16.08.2024