Ўзбекистонлик мутахассислар Европа давлат хизмати тажрибасини ўрганишмоқда
Латвия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва БМТТД “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: 2-босқич” қўшма лойиҳаси кўмагида Ўзбекистон мутахассислари учун давлат бошқаруви ва давлат хизматини ислоҳ қилиш тажрибасини ўрганиш ва ўзаро алмашиш, айниқса алоқадор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш мақсадида 2017 йил 7-12 май кунлари Латвияга ўқув сафари ташкил этилди.
Делегация Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт, Молия, Адлия, Меҳнат ва Ташқи ишлар вазирликлари, Касаба уюшмалари федерацияси ва Ўзбекистондаги БМТТД вакилларидан иборат.
Жорий йилнинг 9 май куни Ўзбекистон делегацияси Латвия давлат канцеляриясида бир қатор учрашувлар ўтказди. Учрашувлар давомида давлат бошқаруви ислоҳоти бўйича стратегик ҳужжатлар, "Давлат хизмати тўғрисида"ги Қонун, давлат бошқарувида инсон ресурслари бошқарув тизими, профессионал давлат хизматчилари ва сиёсий тайинлаган ходимлар ўртасидаги фарқлар, давлат хизмати фаолиятини таснифлаш ва баҳолаш тизими, давлат хизматчиларини ёллаш ва рағбатлантириш масалалари, давлат хизмати соҳасида юқори даражадаги менежерлар дастури ва бу лавозимлар учун марказлаштирилган танловлар, шунингдек, давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш масалалари муҳокама қилинди.
Латвия давлат канцелярияси директори жаноб Янис Чицковскис меҳмонларни қутлар экан, ўзаро тажриба алмашиш давлат хизмати тизимини такомиллаштиришнинг оптимал ечимларини топишга ёрдам беради, деб умид билдирди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Иқтисодий қонунчилик бошқармаси бошлиғи Илҳом Ҳалпаев давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқариш соҳасида Латвия тажрибаси қизиқарли эканлигини, Ўзбекистон делегацияси мамлакат учун фойдали бўлган амалий нормалар ва институционал механизмларни ўрганиб олиш истаги борлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Латвия давлат бошқаруви мактаби ва Рига шаҳар Кенгашида учрашувлар ўтказди. Учрашувлар давомида Латвия давлат бошқаруви, унинг тузилиши ва фаолияти, давлат хизматчилари тайёрлаш тизими, шунингдек, инсон ресурслари масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегациясининг Латвияга ташрифи давом этмоқда.
Мавзуга оид
21:21 / 17.10.2024
Ўзбекистоннинг ШҲТ бюджетидаги улуши маълум бўлди
00:33 / 09.10.2024
Латвия мудофаа харажатларини қоплаш мақсадида банклар учун солиқ жорий этади
22:05 / 05.10.2024
Швеция ўз ҳарбийларини Латвияга юборади
15:50 / 01.10.2024