Жаҳон | 16:21 / 10.05.2017
10208
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореянинг янги президенти собиқ журналистни бош вазир қилди

© AP Photo

Жанубий Корея Республикасининг янги сайланган президенти Мун Жэ Ин бугундан янги лавозимга киришди ва ҳукуматдаги муҳим лавозимларга раҳбарларни тайинлади.

У Сеулдаги «Чхонвадэ» қароргоҳида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилдики, Чолла-Намдо вилоятининг собиқ губернатори Ли Нак Ён эндиликда мамлакат бош вазири ҳисобланади. Ли Нак Ён ҳукуматни бошқариш учун етарли тажрибага эга эканлиги таъкидланган.

Эндиликда бош вазир лавозимини парламент тасдиқлаши керак бўлади.

Ёнҳап агентлиги хабарига кўра, 64 ёшли Ли Нак Ён — собиқ журналист ва парламентнинг собиқ депутати бўлиб, ижтимоий, давлат ва ташқи сиёсат соҳаларини чуқур тушунади ва тажрибага эга. У 21 йил давомида журналист, сўнгра 14 йил давомида депутат, ундан кейинги 3 йил давомида провинция депутати сифатида фаолият юритган. 

У 2014 йилда мамлакатнинг энг ривожлан қисмидаги Чолла-Намдо вилоятига губернатор бўлган. Бу вилоят кейинги ўн йил давомида мамлакат тепасидаги собиқ консерватив кучларни инкор этиб келган.

Ли Нак Ён 1952 йилда Сеулдан 350 километр жанубдаги Ёнгван шаҳрида (Чолла-Намдо вилояти) туғилган. У шу вилоятда 21 йил давомида «Тона илбо» газетасида журналист бўлиб ишлаган.

У сиёсатга 2000 йилда келган. Ўшанда у собиқ президент Ким Дэ Жуннинг (КХДР билан муносабатларни илиқлаштиргани учун Нобель мукофоти лауреати бўлган) фаолиятини матбуотда ёритганди. Кейин Ли Нак Ён Демократик партия вакилига айланганди.

Ли Нак Ён 1974 йилда Сеул давлат университетини тамомлаган.

Разведка хизмати ва маъмуриятнинг янги раҳбарлари

Мун Жэ Ин бошқа асосий лавозимларга ҳам тайинловларни амалга оширди. Миллий разведка хизматига Шимолий Корея масаласи бўйича мутахассис, разведка хизматининг собиқ ходими Су Хун раҳбар этиб тайинланган. Мун Жэ Ин унинг тажрибаси Корея ярим оролидаги муаммони бартараф этишда қўл келишини таъкидлаб ўтган.

Президент маъмуриятига Лим Жон Сок тайинланди. Ҳозирда 51 ёшда бўлган Лим Жон Сок 1989 йили жанубий кореялик талаба қиз Лим Су Гён Пхенянга боргани учун ҳибсга олингач бошланган норозилик намойишлари фаолларидан бўлган.

2000 йилда Лим Жон Сок катта сиёсатга аралаша бошлади. У Демократик партия аъзосига айланиб, парламентга сайланди. У Мун Жэ Иннинг сайловолди кампаниясида муҳим вазифаларни бажариб келган.

Шунингдек, президентни қўриқлаш хизмати раҳбари лавозимини Жу Ён Хун эгаллаган.

Мавзуга оид