Ўзбекистон | 09:52 / 12.05.2017
4681
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Германия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди ўтказилди

2017 йилнинг 11 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон-Германия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг 13-раунди бўлиб ўтди. Маслаҳатлашувларда қатнашиш учун Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вакили Андреас Пешке бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, илм-таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томон кун тартиби масалалари батафсил кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал канцлери Ангела Меркель бир-бирларига табрик мактубларини йўллаганлари икки томон ҳам серқирра ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга катта эътибор қаратиши ҳамда турли даражалардаги алоқаларни фаоллаштириш орқали муҳим глобал ва минтақавий масалалар юзасидан мунтазам мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини тасдиқлайди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Германиянинг илмий муассасалари ва ўқув юртлари, маданият ва санъат фаоллари ҳамда жамоатчилик ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни томонлар қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари вакиллари долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Маслаҳатлашувларда Германия Элчиси Найтҳарт Ҳофер-Виссинг иштирок этди.

Мавзуга оид