Жамият | 19:38 / 15.05.2017
20152
2 дақиқада ўқилади

МХХ Тошкентда меросни расмийлаштириш учун 3 минг доллар талаб қилган нотариусни қўлга олди

Фото: 123RF

Ўзбекистонда нотариат тизимини ислоҳ қилиш давом этмоқда, у шаффофлик ва тизим иши самарадорлигини оширишга йўналтирилган. Фақатгина сўнгги бир неча йил давомида қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди, улар давлат нотариал идоралари ишини жиддий такомиллаштириш имконини яратди. Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича фаол ахборот кампанияси ўтказилмоқда. Бироқ, жамиятдаги бу илғор тенденцияларга қарамай, нотариал тизимда хизмат мавқеидан ғаразли мақсадларда фойдаланаётган шахслар учраб турибди.

Podrobno.uz’нинг хабар беришича, куни кеча Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Бош прокуратура қошидаги солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш Департаменти ходимлари билан биргаликда Тошкентдаги нотариал идоралардан бирининг ходимини порахўрлик учун қўлга олишди.

Олинган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 3-рақамли давлат нотариал идораси нотариуси 46 ёшли Саидазим Боқиев фуқаро «К.Р.»дан 3 минг АҚШ долларини тамагирлик йўли билан олмоқчи бўлган.

Боқиев бу суммани пойтахнинг Учтепа туманида жойлашган ва қариндоши томонидан мерос сифатида қолдирилган квартирани унинг синглиси номига нотариал расмийлаштиришда ёрдам бериш учун талаб қилган.

«Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугун меросни нотариал расмийлаштириш жараёни мураккаблиги туфайли, баъзи нотариуслар турли важлар билан бундай нотариал хатти-ҳаракатни амалга оширишдан асоссиз равишда бош тортишмоқда, бу кўрсатилган соҳанинг виждонсиз вакилларига ноқонуний пул мукофотини олиш билан шуғулланишга ижобий шароит яратади», - дея таъкидлаб ўтди МХХ вакили.

Айни дамда Бош прокуратура қошидаги Департамент С.Боқиевга нисбатан ЖКнинг 210-моддаси (Пора олиш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид