08:29 / 21.05.2017
4398

Ўрта ер денгизида 3 кун ичида 4 мингдан кўпроқ муҳожир қутқариб қолинди

Фото: AP Photo / Santi Palacios

Ўрта ер денгизида бир қатор қутқарув операциялари давомида 3 кун ичида 4 мингдан кўпроқ муҳожир қутқариб қолинди, деб хабар бермоқда Италия соҳилбўйи қўриқлаш хизмати.

19 май ва 20 майга ўтар кечаси ўтказилган қутқарув операциялари давомида 2121 киши қутқариб қолинган. Улар орасида 1,5 ойлик чақалоқ ҳам бўлган, унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган.  Бундан ташқари, муҳожирлар Европага етиб олмоқчи бўлган 17 та қайиқдан бирининг бортида бир кишининг жонсиз танаси топилган.

18 май куни қутқарилганлар сони 2,3 минг кишини ташкил қилди. Европа Иттифоқининг Ўрта ер денгизидаги ҳарбий-денгиз миссиясининг Италия соҳилбўйи қўриқлаш хизмати EunavforMed ва бир қатор ноҳукумат ташкилотлари кемалари иштирокида ўтказилган 22 та операция давомида ёрдам кўрсатилган.   

Халқаро миграция ташкилотининг маълум қилишича, жорий йилда Европага денгиз йўли билан 54 мингдан кўпроқ қочқин етиб келган. Шу билан бирга 1,3 мингдан кўпроқ одам денгизни кечиб ўтиш вақтида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Кўпчилик муҳожирлар (85 фоиз) Италияга йўл олганлар.  

Италия ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, январь бошидан Италияга 45 мингдан кўпроқ муҳожир келган, бу эса ўтган йилнинг шу давридагидан 44 фоиз кўпроқни ташкил қилади.    

Top