17:43 / 23.05.2017
11697

Самарқанддаги ногиронлар реабилитация марказида 200 дан ортиқ бемор тиббий кўрикдан ўтказилди

Самарқанд вилоят ногиронлар реабилитация марказида Ўзбекистон Республикаси Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази стратегик ҳаракат дастурида режалаштирилган сайёр ўқув амалиёти ўтказилди. 

Республика Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказининг тажрибали мутахассислари вилоятдаги тиббий муассасалар томонидан рўйхатга олинган ногиронлар ва марказда даволанаётган жами 200 нафардан ортиқ беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, тегишли тавсияларини беришди.

Тадбир  давомида ҳудудий марказлар фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё ва Навоий вилоятлари марказлари мутахассислари ҳам иштирок этишди. Семинарда марказ фаолияти, яратилган шароитлар, кўрсатилаётган тиббий хизматлар Республика Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази масъул ходимлари томонидан таҳлил қилиниб, ҳудудий марказлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Сайёр ўқув амалиёти якунида Республика Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказининг тажрибали мутахассислари томонидан мастер-класс тарзида операциялар ўтказилди.

Top