16:12 / 23.05.2017
12425

Жиззахда от “ишқибози” бўлган фирибгар қамалди

Зоминлик Шодиёр Муҳиддиновнинг ёши қирққа яқинлашиб қолибдики, ҳаёти давомида содир этган қилмишлари учун бир неча бор судланди. Бироқ, у бундан ўзига хулоса чиқаришни хаёлига ҳам келтирмади. Аксинча, ўз билганидан қолмади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Шодиёрнинг фикри-зикри қандай қилиб бўлса-да пул топишда эди.

Кунларнинг бирида бошқа қишлоқда яшовчи Тўлқин Назаров отини сотмоқчилигини эшитиб қолди. Ўзича нималарнидир режалаштириб олган Шодиёр унинг уйига жўнади.

-  Отингизга харидор бўлиб келдим, - деди у салом-аликдан сўнг.

-  Анчадан бери сотишни мўлжаллаб юрибман, сўраганлар менинг чамамдан кам айтаяпти, - деди Тўлқин унинг фикрини билолмай.

-  Айтинг, келишолсак, отни ўзим оламан, - деди Шодиёр ўзини ҳар нарсага қодирдек тутиб. – Фақат пулини сал кейинроқ бераман.

Улар савдолашишди. Айтилган нарх гарчи насия бўлса ҳам Тўлқин истаганидек эди, рози бўлди. Отни етаклаб кетган Шодиёр уни сўйиб сотиб юборди. Пулни келтиришни “унутди”. Аксинча ўз эҳтиёжига сарфлади.

Бу орада таниши Холиёр Қувватовнинг ҳам отини сотмоқчилигини эшитиб, ҳаловати йўқолди. “Қандай қилиб бўлса ҳам отни қўлга киритаман”, дея аҳд қилди.

Содда ва ишонувчан Холиёр фирибгар Шодиёрнинг ҳийлаларига учди. Қандай қилиб отни унга тутқазиб юборганини билмай қолди. Шодиёрдан узоқ вақт дарак бўлмади.

От эгалари уни излаб топишолмади. Сўнг бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилишди. Фирибгар от ишқибози эканлигини айтиб, айбини тан олди.

Суд Шодиёр Муҳиддиновга  уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, ҳукм чиқарди. 

Top