Жамият | 19:53 / 24.05.2017
6149
4 дақиқада ўқилади

Партия аралашуви билан оғир бемор аёл муваффақиятли операция қилинди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши, ҳар бир ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхоналарини ташкил этилиши инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, аҳоли билан очиқ мулоқотлар давомийлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Халқ қабулхоналарининг сиёсий партиялар тизимида, хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Наманган вилояти, шаҳар ва туман кенгашларида ҳам йўлга қўйилиши эса фуқаролар билан мунтазам равишда очиқ мулоқотлар ўтказиш, турли масалалар ва муаммоларни баҳолиқудрат ечиш, қолаверса, ЎзМТДП сайловолди Платформаси ва дастурида илгари сурилган мақсад-вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этишда ҳам муҳим омил бўляпти.

Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғида яшовчи Фарида Мирзаева ҳаётнинг қийин синовларини, турли аччиқ-чучукларини бошидан кечирган матонатли аёл. Тақдир ҳукмига кўра, эри Равшанбек биринчи гуруҳ ногирони бўлса-да, бир ўғил ва бир қиз фарзандларини элдан кам қилмасдан ўстиришга баҳолиқудрат интилдилар. 56 ёшли Фарида опа мана бир неча йилдирки, гинекологик хасталик билан курашиб келади. Шифокорлар кўригидан ўтган аёлга бачадонни тўла тушиши ташхиси қўйилди. Бу муаммони жарроҳлик йўли билан олдини олиш мумкинлигини эшитганида кўнглида умид чироқлари ёнгандек бўлди.

Ойнаи жаҳон орқали сиёсий партияларда ташкил этилган халқ қабулхонаси фаолиятидан воқиф бўлган Фарида Мирзаева ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгашига мурожаат қилди. Партиянинг “Аёллар қаноти” етакчиси Турсуной Мусабекова савобли ишга бош-қош бўлишда ташаббус кўрсатди. Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлими мудири Матлуба Жамилованинг тавсиясига кўра, беморга Наманган вилояти перинатал марказига даволаниш учун имтиёзли йўлланма берилди.

Мазкур тиббий муассасанинг гинекология бўлими мудираси Юлдуз Азизованинг саъй-ҳаракати билан Фарида Мирзаева шифо масканида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, муолажа ишлари олиб борилди ва жарроҳлик амалиётига тайёрланди. Тўрт соатлик муваффақиятли кечган “операция” жараёнидан бемор бугунги кунда хурсанд. Бу борада ўзининг ширин муомаласи ва бор маҳоратини аямаган врачлардан Азиза Раҳмонова, Дилфуза Жамолиддинова, Худойберди Султонов, ҳамширалардан Нигора Мирзаева, Муяссар Турғунова, кичик тиббий ходим Озода Қодировадан беҳад миннатдор. 

- Халқ қабулхонасини ташкил этган “Миллий тикланиш” партиясига, дардимга дармон бўлган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва перинатал марказ ходимларига минг раҳмат. Биз фуқаролар Президентимиз ташаббуслари билан эълон қилинган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг туб моҳияти, бундан кўзда тутилган мақсад-муддаоларни дилдан англаб етмоқдамиз, - дейди Фарида Мирзаева.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг жойлардаги халқ қабулхонаси ҳамда сиёсий партияларда ташкил этилган бундай тузилмада, энг аввало, “Инсон манфаатлари барча нарсадан улуғ” деган олижаноб ғояни ҳаётга изчил татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, 
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик 
партияси Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби.

Мавзуга оид