Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан Наманган шаҳридаги Ёшлар марказида партия Дастури ҳамда партиянинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган Сайловолди платформаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган дебат ўтказилди.

Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари, экспертлар, сиёсатшунос олимлар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Дебатда партиянинг амалдаги Дастури, Сайловолди платформаси хусусида танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазалар билдирилди. Партия ҳужжатлари бугунги кун учун ниҳоятда муҳим бўлган вазифалар акс этиши лозимлиги ва улар электорат манфаатларига тўғридан-тўғри хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.

Хусусан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, ЎзМТДП фаоли Минҳожиддин Мирзо партия Платформаси лойиҳаси устида ҳали кўп ишлаш кераклигини таъкидлаб, Дастурда баландпарвоз гаплардан қочган ҳолда, фуқароларни қийнаб келаётган масалалар ечимини илгари суришни таклиф этди. Партия Дастурида маънавий тикланишдан маънавий юксалишга эришишнинг аниқ механизмлари акс этиши кераклигини таъкидлади.

Дебатда сўз олган ЎзМТДП фаоли Раҳимбой Жуманиёзов “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” шиорига таъриф берар экан, юксалиш бу чўққи, чўққига чиқиш учун эса билим ва маърифат зарурлигини қайд этиб, бу борада ўз таклифларини билдирди.

Дебатда партия фаолларини қизиқтирган кескин ва кескир саволларга партия етакчиси Алишер Қодиров ҳамда партия раиси ўринбосарлари Нодиржон Мухторов ва Феруза Мухамеджановалар атрофлича жавоблар қайтардилар.

Ҳамиджон Омонов,

ЎзМТДП Андижон вилоят кенгаши раиси:

- Аччиқ бўлса-да, тан олишимиз керак, одамларнинг сиёсий партияларга ишончи ижобий эмас. Чунки биз олдин аҳолининг қўлтиғини пуч ёнғоққа тўлдирдик. Тадбирларда баландпарвоз гаплардан нарига ўтмадик. Шу вазиятда бугун қандай қилиб одамларни бошқа партиялардан фарқли ўлароқ “Миллий тикланиш” партиясига қизиқтирамиз? Бу борада аниқ стратегиялар мавжудми?

Алишер Қодиров, ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси:

- Тўғри, мустақиллик миллий ўзлигимизни, ор-номус ва ғуруримизни, инсоний қадр-қимматимизни қайта уйғотди, она тилимизни, динимизни, қадрият ва анъаналаримизни қайтариб берди. Қадимий тарихимиз, миллий давлатчилигимиз тикланди. Бу бўлди миллий тикланиш ғояси энди бизга керак эмас, деган тушунчани бермайди. Миллий тикланиш деганда партия миллий ўзлик туйғусининг уйғониши ва тобора мустаҳкамланиб боришини тушунади. Миллий ўзликни англаш мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади, миллий онг инсонда Ватанга муҳаббат ҳис-туйғусини оширишда, ҳар томонлама комил инсон шахсини тарбиялашда бебаҳо ички омилдир.