Ўзбекистон | 23:26 / 19.01.2020
25830
3 дақиқада ўқилади

«Миллий тикланиш» ўз депутатлари учун ёрдамчиларни ишга олмоқда

Бугун, 19 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида Миллий тикланиш демократик партияси фракциясининг биринчи таъсис йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Унда «Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси регламенти тўғрисида»ги қонуннинг 9 моддасига биноан партия сиёсий кенгаши раиси Алишер Қодиров Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари этиб сайланди.

Фракция якунида, шунингдек, партиянинг янги сайланган депутатлари иштирокида журналистлар учун матбуот анжумани ташкил қилинди.

Анжуманда партияларнинг жамиятда юз бераётган янгиликларга сайлов жараёнлари ўтгандан кейин муносабати тўхтаб қолгани борасида савол берилди.

Саволга партия етакчиси Алишер Қодиров жавоб қайтарди.

«Биз фаол сайлов жараёнидан иккинчи фазага ўтяпмиз. Бугун партия фракцияси йиғилишини ўтказдик. Ўртадаги қисқа муддатли вақтда эса партия фракциясини шакллантириш, депутатлар ҳужжатлари билан боғлиқ бошқа ҳуқуқий жиҳатлар эътиборимизни кўпроқ тортди. Лекин бу дегани фаоллик тугади, партия фаолияти иккинчи даражага ўтди дегани эмас.

Биз бугундан бошлаб партиянинг ҳар бир аъзосининг кейинги сайловларда муваффақияти учун иш олиб борамиз. Яъни биз жамиятдаги ҳар бир муаммонинг ечими учун ишлаймиз. Бу борада ижро ҳокимияти билан фаол ҳамкорлик қилинади», — деди у.

Алишер Қодиров шунингдек, партия ва жамият ўртасидаги алоқалар мунтазам сақлаб турилишини таъкидлар экан, бунинг учун қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг округларида янги штатлар жорий қилиниши ҳақида гапирди.

Жумладан, «Биз депутатнинг ёрдамчиси институтини жорий қиляпмиз. Бу партия томонидан молиялаштириладиган, [Молия вазирлиги орқали эмас —Таҳр.] жойларда шаклланаётган масалаларни ўрганиб, ундан депутатни хабардор қилиб турадиган шахс бўлади.

Бу институт депутат ва халқ ўртасидаги алоқаларнинг узилиб қолмаслиги учун жуда муҳим воситачи бўлади», — деди партия лидери.

Kun.uz мухбири матбуот анжумани якунида сиёсий партия учун учун янгилик бўлган бу институт ҳақида Қодировнинг ўзидан батафсил маълумот олди.

«Бу институт шундай бўладики, биз 36 та депутатимиз сайланган 58та туманда партия ҳисобидан 36та янги ходимларни ишга оламиз. Улар айтиш мумкин бўлса, Тошкентда бўлиб турган депутатнинг жойлардаги «кўзи», «қулоғи» бўлади.

Бу ходимлар жойлардаги масалаларни ўрганади ва уларни депутатга етказади, унинг аҳоли билан учрашувларини ташкил қилади.

Уларга партия бюджетидан 2-2.5 млн сўм атрофида ойлик бериш режа қилиняпти, шунингдек, меҳнат стажи ҳам юритилади.

Ходимнинг маълумоти олий ёки ўрта махсус эканлиги аҳамиятсиз. Муҳими у халқ билан мулоқот қилишда, муаммоларни ҳал қилишда депутатга яқин кўмакчи бўлсин.

Албатта, биз айтаётган ходимлар туманда кимнингдир хизматчиси бўлмайди. У фақат депутатга бўйсунувчи, унинг тавсияси билан ишга олиниб, унинг тавсияси билан ишдан бўшатилувчи кадр бўлади», дея Алишер Қодиров сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид