Ўзбекистон | 19:27 / 24.05.2017
7933
3 дақиқада ўқилади

Ташкилотлар раҳбарларига ўзларига қарашли ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги бўйича шахсий жавобгарлик юклатилди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ички ишлар органларининг ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ ёнғин хавфсизлигини барча даражада таъминлашга доир фаолиятни такомиллаштириш мақсадида:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига уларга қарашли объектлар ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилди;

юқорида қайд этилган мансабдор шахслар ҳар чоракда ўзларига қарашли объект ва ҳудудлардаги ёнғинга қарши ҳолатни танқидий таҳлил қилиши зарурлиги белгиланди. 

Қарорда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни "Ёнғинлар профилактикаси куни" деб белгиланди ва Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматига қуйидаги асосий вазифалар юкланди:

барча даражадаги ҳокимлар билан биргаликда юз берган катта ёнғинлар сабаблари ва уларнинг пайдо бўлишига олиб келган шароитларни чуқур ва танқидий таҳлил қилиш ва ушбу таҳлил якунлари бўйича ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган "Йўл хариталари" тасдиқланади; 

давлат аҳамиятига эга алоҳида объектларда ёнғин хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, ёнғин-тактик ўқув машғулотлар ва ушбу объектлар раҳбарлари ўртасида тушунтириш ишларини ташкил этишга доир комплекс тадбирлар ўтказиш;

марказий ва вилоят телеканалларида ёнғинлар билан боғлиқ ҳодисаларни ёритиш бўйича махсус ахборот кўрсатувларини, шунингдек, ёнғин содир бўлган жойлардан ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида тезкор репортажлар тайёрлаб эфирга узатиш.

Мазкур қарорга биноан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузурида ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар ташкил этилишини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин содир бўлишига олиб келадиган сабаб ва шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш, ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, қишлоқ жойларда ва олис аҳоли пунктларида кўнгилли ёнғин бўлинмаларини ташкил қилишга кўмаклашиш ва уларни моддий ва ижтимоий рағбатлантириш комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисобланади. 

Мавзуга оид