Жамият | 15:19 / 26.05.2017
14856
3 дақиқада ўқилади

Бухорода XVI «Ипак ва зираворлар» фестивали бошланди

Архив фото/ tashrif.uz

26 май куни Бухоро шаҳрида XVI «Ипак ва зираворлар» фестивали бошланди. Ушбу Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Венгрия ва Ҳиндистон каби хорижий давлатларнинг ҳунармандлари, халқаро сайёҳлик ташкилотлари, Ўзбекистондаги чет эл дипломатик корпуси вакиллари, туризм масалалари билан шуғулланувчи олимлар, тадбиркорлар, Бухоро вилояти шаҳар ва туманлари, шунингдек, мамлакатнинг бошқа вилоятлари фольклор-этнографик дасталари ва кўпдан-кўп туристлар иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда ҳақда Бухоро Вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Шу куни эрталаб фестиваль иштирокчилари Арк қалъаси олдидаги Регистон майдонидан Эски шаҳар кўчалари бўйлаб тантанали юриши билан бошлашди. «Ипак ва зираворлар» фестивалининг очилиш маросими ва бадиий жамоаларнинг чиқишлари Нодирдевонбеги мадрасаси олдидаги майдонда бўлиб ўтди.

Лабиҳовуз мажмуасидан Тоқи Заргаронгача чўзилган расталарда маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар тайёрлаган халқ амалий санъати буюмлари ҳамда зираворларнинг савдо-ярмаркаси 3 кун давом этади. Фестиваль доирасида уста ҳунармандларнинг кулолчилик, миниатюра, мис кандакорлиги, каштачилик, гиламбофлик, зардўзлик, хаттотлик ва бошқа санъат турлари бўйича маҳорат мактаби намойишлари ўтказилади.

26 май оқшомда Кўкалдош мадрасасида таниқли модельерлар ва ёш дизайнерлар томонидан «Ўзбек ипаги — дунё нигоҳида» шоу-дастури ташкил этилади. Фестиваль давомида Пойи Калон мажмуида ўзбек жанг санъати усталарининг кўргазмали чиқишлари ва миллий кураш мусобақалари, бошқа майдонларда эса халқ ўйинлари ўтказилади. 27 май куни Гавкушон мадрасасида моҳир ошпазларнинг «Палов сайли» кўрик-танлови бўлиб ўтади. Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуи марказида «Бухоро туристик эркин иқтисодий ҳудудини яратиш имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади.

Фольклор-этнографик дасталарининг чиқишлари шаҳарнинг бир неча майдонида ўтказилса, 27 май оқшомида Бухоро санъат коллежи ва вилоят мусиқали драма театри халқ чолғу асбоблари оркестри Нодирдевонбеги хонақоси олдидаги майдонда концерт дастурини намойиш этади. Ўзбек миллий фильмлари намойиши нафақат бухороликлар, балки чет эллик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотиши аниқ.

Бу йил фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими, ғолибларни тақдирлаш ҳамда вилоятимиз ва республикамиз пойтахти таниқли санъаткорлари гала-концерти қадимий Арк қалъаси олдидаги майдонда 5 минг нафар томошабин ва меҳмонлар иштирокида ўтказилади. Хуллас, анъанавий XVI «Ипак ва зираворлар» халқаро фестивали амалий санъат усталари ҳамда туризм соҳаси мутахассислари, минглаб бухороликлар ва сайёҳлар учун катта байрамга айланади.

Мавзуга оид