Жаҳон | 08:56 / 31.05.2017
20957
4 дақиқада ўқилади

Путин АҚШ ва НАТОни кескин танқид қилди

Фото: Le Figaro

АҚШ ва унинг НАТО бўйича шериклари, ҳарбий салоҳиятни кучайтириб ҳамда альянсни кенгайтириб, узоқни кўра олмайдиган сиёсат олиб бормоқда. Россия президенти Владимир Путин Le Figaro газетасига берган интервьюсида шундай фикрни билдирди.

"Биз учун бу (НАТОнинг кенгайиши) Европа ҳамда Қўшма Штатлардаги шерикларимиз узоқни кўра олмайдиган сиёсат олиб бораётганини англатади, улар олдинга қарашаётгани йўқ – бундай одатнинг ўзи йўқ, ғарбдаги шерикларимизда бундай одат йўқолиб бўлган", - дея маълум қилди Путин.

Унинг эслатишича, собиқ Иттифоқ парчаланиб кетганидан сўнг америкалик ва европалик сиёсатчилар Москвани альянс кенгаймаслигига ишонтиришган. Аксинча, янги умумий хавфсизлик тизимини яратиш ҳақида таклифлар бўлган. Уни ташкил этиш, эҳтимол, АҚШнинг ракеталарга қарши мудофаа бўйича Келишувдан бир томонлама чиқиши  ва Европада РҚМ элементларини қуришдан қочиш имконини берарди.

"Балки, буларнинг барчаси рўй бермаган бўларди, бироқ бу содир бўлди, бу орқага қайтариш мумкин бўлган бадиий фильм эмас. Олдимизда нима турган бўлса, шундан келиб чиқишимиз керак. Агарда ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб иш кўрсак, келажакдан нима хоҳлаётганимизни аниқлаштириб олиш даркор. Ҳаммамиз тинчлик, фаровонлик ва ҳамкорликни истаймиз", - дея маълум қилган Путин.

"Россиянинг таҳдидлари ҳақида йўқ бўлган нарсаларни, қандайдир гибрид урушларини ўйлаб топишни бас қилинг", - дея чақирди у. "Ўзингиз барчасини ўйлаб топиб, кейин бундан ўзингиз ҳам қўрқасиз ва шу асосда сиёсатни олиб борасиз", - дея маълум қилди РФ президенти. "Ягона истиқбол бу – барча йўналишлар, жумладан, хавфсизлик масалаларида ҳам ҳамкорлик қилишдир", - деб ҳисоблайди Путин.

Россия терроризм билан курашда бошқа давлатлар билан ҳамкорликка тайёр, бироқ “ўзаро шикоятлар йўлламасдан”, ҳақиқатдан ҳам ҳаракат қилишга чақиради, дея маълум қилди Путин.

"Европадан сўранг – биз хоҳлаймиз. Мен бу ҳақда БМТнинг 70-йиллигида чиқиш қилиб ҳам айтгандим, ҳамда ўшанда барча давлатларнинг террор билан курашдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақирганман", - дея эслатди у.

Шу билан бирга, Путиннинг айтишича, Россияга аксарият ҳолларда европалик шериклари билан мулоқот олиб бориши қийин, сабаби уларнинг позицияси АҚШга қараб ўзгариб туради. "Ким катта, ким катта эмаслигини, ким нимага даъво қилаётганини аниқлаштириб олинг. Биз эса ҳамкорликка тайёрмиз", - дея маълум қилди РФ президенти.

Путиннинг тан олишича, сўнгги вақтларда АҚШ билан муносабатларда бироз олға силжиш бор. "Биз ҳозирда Сурия жанубида минтақанинг барча давлатлари манфаатини таъминлаш ҳақида ўйламоқдамиз. Мен минтақада муаммога эга бўлган давлатларни назарда тутмоқдаман - Иордания, Ироқ, Суриянинг ўзи. Ва, албатта, биз Қўшма Штатлар, европалик шерикларимиз фикрига қулоқ тутишга тайёрмиз", - деди у. 

Мавзуга оид