Ўзбекистон | 20:00 / 09.06.2017
35083
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Хитойдан Ўзбекистонга темир йўл қурилиши зарурати ҳақида гапирди

Ўзбекистон ШҲТ мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришни истайди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг Остонада бўлиб ўтган саммитидаги чиқишида гапирди.

Президент Ўзбекистон Хитойнинг «Бир минтақа, бир йўл» ташаббуси доирасида катта лойиҳалар амалга оширилишига муҳим аҳамият қаратишини таъкидлаб ўтган.

Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, ШҲТнинг биринчи галдаги мақсади минтақанинг улкан салоҳиятидан фойдаланиш бўлиши керак. Президент шу мақсадда транспорт-коммуникация лойиҳалари амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.

«Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилишининг тезроқ бошланиши энг қисқа вақтда мамлакатларимиз жаҳон бозорига чиқишини таъминлаши мумкин», — деган Ўзбекистон раҳбари.

У шунингдек минтақа транзит салоҳиятини самарали ривожантириш бўйича таклифларни мувофиқлаштириш учун ШҲТ мамлакатлари темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг доимий учрашувлари механизмини йўлга қўйишни таклиф қилган.

ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси Сунь Лицзенинг сўзларига, Шавкат Мирзиёев ва ХХР раиси Си Жинпинг ушбу темир йўл қурилишини тезроқ бошлаш бўйича келишиб олган.

Икки давлат раҳбари темир йўл қурилиши лойиҳасини Ўзбекистон президентининг май ойида Пекинга қилган ташрифи давомида муҳокама қилганди. 

Шавкат Мирзиёев ШҲТ доирасида фан ва техника соҳасида, шунингдек, туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича таклифлар берган.

Мавзуга оид