Ўзбекистон | 14:45 / 10.06.2017
7579
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Люксембург ташқи ишлар вазирига мактуб юборди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Люксембургнинг Ташқи ишлар ва Европа ишлари бўйича вазирига мактуб йўллади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

“Мен Сизни мамлакатларимиз тарихидаги муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси ва Люксембург Буюк Герцоглиги ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан табриклашдан чин дилдан мамнунман”, - дейилади мактубда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон анъанавий мустаҳкам дўстлик, ўзаро тушуниш ва ҳурматга асосланган икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни жуда қадрлайди.

“Ишончим комилки, сиёсий алоқаларни янада кенгайтириш, халқаро майдонда ўзаро қўллаб қувватлаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш икки томон манфаатларига мос келади. Люксембург жаҳоннинг пешқадам давлатларидан бири ҳисобланган инвестицион фаолият ва банк-молия соҳалари бизда катта қизиқиш уйғотади”, - дея давом этган Комилов ўз мактубида.

Муносабатларнинг мавжуд асосини мустаҳкамлаш ва ўзаро қизиқиш касб этувчи барча соҳаларда самарали ҳамкорликнинг янги йўналишларини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон томони Люксембург билан ишончли ва конструктив мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор экани айтилди.

Мавзуга оид