Спорт | 21:10 / 10.06.2017
5901
2 дақиқада ўқилади

Уч америкалик аёл АҚШ ва Куба ўртасидаги бўғозни серфинг доскасида сузиб ўтишди

Фото: НТВ

Уч америкалик аёл АҚШ ва Куба ўртасидаги Флорида бўғозини икки давлат халқлари ўртасидаги тотувлик ва ҳамфикрлик учун бир дона серфинг доскасида сузиб ўтишди. 

33 ёшли қутқарувчи Синтия Агилар ва икки мактаб ўқитувчиси – 43 ёшли Эйми Спектор ва 53 ёшли Карен Фигероа Куба ва АҚШни ажратиб турувчи 180 км лик Флорида бўғозини 23 соат-у 27 дақиқада сузиб ўтишди.
 
Аёлларнинг айтишича, аёллар ҳар икки соатда алмашиб туришган. Улардан бири серфинг доскасида ўтириб ёки ётиб қўллари билан эшган вақтда қолган иккиси уларга ҳамроҳлик қилган қайиқда дам олишган. Аёлларнинг айтишича, улар йўл охирида толиққанлари сабабли тез-тез алмашиб турганлар.

Фото: instagram.com/epicpaddlecuba2florida

 Майамининг WPLG телеканалининг маълум қилишича, аёллар Гавана ғарбидаги "Марина Хемингуэй" яхт-клубидан старт олиб, Флоридадаги Ки-Уэст шаҳрига етиб келишган.

Аёллардан бири – Синтия Агиларнинг бувиси Кубада туғилган. Аёл Майамидаги пляжда қутқарувчи бўлиб ишлайди.

"Саёҳатимиз Куба ва АҚШ халқлари ўртасида тотувлик ва ҳамфикрлик йўлида ҳамда саратондан азият чекувчилар ва ногирон спортчиларга маблағ йиғиш мақсадида амалга оширилди", деб айтган Агилар.

Фото: АҚШнинг Кубадаги элчихонаси

Флорида бўғозини серфинг доскасида биринчи бўлиб 2013 йилда америкалик Бен Фрайберг сузиб ўтган.

Мавзуга оид