Жамият | 21:51 / 12.06.2017
12058
4 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон ва Хоразм аҳолисининг мингдан зиёд мурожаати ижобий ҳал этилди

5-10 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи аъзолари Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятлари аҳолиси билан очиқ мулоқот тарзида сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулларда вазирликлар, шаҳар ва туман ҳокимликлари, прокуратура, ички ишлар, суд органлари раҳбарлари ҳамда бошқа тегишли бошқарма ҳамда ташкилотлардан 180 дан зиёд мутасаддилар иштирок этди.

Тадбирларда таъкидланганидек, бугунги кунга келиб Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи аҳолидан жами 53 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Хусусан, Қорақалпоғистондан – 22 минг, Хоразм вилоятидан эса – 31 минг.

Мурожаатларнинг аксарият қисми мазмуни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, иш билан бандлик, пенсия, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларнинг тўланиши, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар, тиббий хизмат, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, қурилиш учун ер ажратиш, йўл ҳамда кўприкларни таъмирлаш борасидаги муаммолардан иборат.

Мазкур худудлар ҳокимликлари ва мансабдор шахслари томонидан қонунчилик талабларига зид равишда фуқаролар ҳамда юридик шахслар томонидан юборилган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаслик ва муаллифга жавоб бермаслик натижасида бу соҳада жиддий камчиликлар мавжуд. 

Жумладан, ҳокимликларда мурожаатлар билан ишлаш тизимини тўғри ташкил этмаслик, мурожаатларни тақсимлаш ва назорат қилиш ишларига малакали кадрларни жалб этмаслик ҳамда таҳлил ишларини йўлга қўйилмаслик оқибатида Қорақалпоғистонда мурожаатларнинг 27 фоизга, Хоразм вилоятида эса 8 фоизга яқинига кечиктирилган ҳолда жавоб берилган.

Сайёр қабуллар давомида Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм вилояти аҳолисининг 1000дан зиёд мурожаатлари жойида кўриб чиқилиб, 65 фоиздан зиёди ижобий ҳал этилди, қолган қисми эса асосли деб топилиб, ижро учун муддат белгиланиб, назоратга олинди. 

Мисол тарзида соғлиқни сақлаш соҳасида 115 та мурожаат ижобий ҳал этилишини, жумладан, 21 та ногиронлик аравачаси берилишини, 43 та даволаниш учун ордерлар ажратилишини, 12 та ҳолатда ногиронлик белгиланишини; 22 та ер ва кадастр ҳужжатларининг расмийлаштирилиши билан боғлиқ масалалар ҳал этилишини; коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан 31 та, жумладан, 25 та ичимлик суви муаммоси бўйича ижобий қарорлар қабул қилинишини келтиришимиз мумкин. 

Жумладан, "Ўрта-қала” овулида яшовчи фуқаро Б.Анорова ўғли Ж.Сафарбаевнинг чап ёнбош суягида ўсимта пайдо бўлгани сабабли ушбу ўсимтани хорижда жарроҳлик йўли билан олдириб ташлаш учун моддий ёрдам сўраб, виртуал қабулхонага мурожаат қилган эди. Сайёр қабул давомида Тошкент шаҳри онкология илмий текшириш институтига Россия федерациясидан малакали шифокорлар амалий ёрдамга келиши муносабати билан Ж.Сафарбаев бепул жарроҳлик амалиётидан ўтказиладиган бўлди.

Фуқаро Б.Бозорбаевнинг қиш мавсумида табиий газ босими паст бўлиши ҳақида, Ж.Хайтимбетовнинг А.Яссавий кўчасида жойлашган хонадонларни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ёзган мурожаатлари, шунингдек, 1-гуруҳ ногирони Ж.Султоновнинг моддий ёрдам сўраб ёзган аризаси, касб-ҳунар коллежини тамомлаган фуқаро Н.Ҳайтакованинг ишга жойлашиш тўғрисидаги, фуқаролар Ж.Ўразимбетов ва Р.Сарибоевларнинг ногиронлик аравачаси олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари ижобий ечимини топиб, қаноатлантирилди. 

Учрашувлар якунида кўриб чиқилган барча мурожаатлар бўйича республика, вилоят ва туман даражасидаги мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид