Жаҳон | 21:06 / 13.06.2017
13832
2 дақиқада ўқилади

Эрон генерали: ИШИД АҚШ ва Саудия Арабистони раҳбарлиги остида жанг қилмоқда

фото: Екатерина Сажнева

ИШИД ўзининг ҳужумларини АҚШ ва Саудия Арабистони раҳбарлиги остида ва қўллаб-қувватлови билан амалга оширмоқда, деб айтди Эрон қуролли кучлари вакили, бригада генерали Масъуд Жазаврий.

"ИШИД террорчилари АҚШ ва Саудия Арабистони билан боғланган ва террорчилик ҳужумларини бу икки давлат раҳбарлиги остида ва кўмагида амалга оширади", деб айтган  Жазаврий.

"Саудия Арабистони ва АҚШ ҳамда минтақадаги баъзи жаҳолатпараст давлатлар қўллаб-қувватлаётган террорчиликнинг барбод қилувчи эффектини Ироқда, Сурияда, Афғонистон ва Яманда ҳамда Европанинг баъзи давлатларида кўриш мумкин", деб қўшимча қилди генерал. 

Унинг фикрича, минтақа давлатларида терактларни амалга оширишни режалаштириш ва бошқариш Саудия Арабистони ва АҚШдан амалга оширилади.

Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Саудия Арабистонини Эроннинг шарқий қисмида ўрнашиб олган террорчиларни қўллаб-қувватлашда айблаганди. 

Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлар 2016 йил январида ўзаро дипломатик алоқалар узилгандан кейин кескинлашган.  

Ўтган ҳафтада АҚШ сенати Эронга қарши санкцияларни муҳокама қилишни давом эттиришни қўллаб-қувватлаганди. Эронга қарши санкциялар бўйича қонун лойиҳаси оралиқ овоз беришдан ўтган, унга сенатда 92 та овоз, қарши 7 та овоз берилган. Қонун лойиҳаси кучга кириши учун унга конгресснинг иккала палатаси овоз бериши ва президент имзолаши керак.

АҚШ Эронга қарши унинг ракета дастури, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва Теҳрон террорчиликка ҳомийлик қилишига гумон билан санкцияларни сақлаб қолган. 

Мавзуга оид