Ўзбекистон | 19:29 / 13.06.2017
11375
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон пахта саноатида Марказлашган ахборот тизимининг яратилгани швейцарияликларни ҳайратга солди

Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги штаб квартираси вакиллари Ўзбекистонга ташриф доирасида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясида бўлишди ва холдинг компания фаолияти билан яқиндан танишишди. Бу ҳақда “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги 2002 йил 20 сентябрда имзоланган “Техникавий ва молиявий ҳамкорлик ҳамда гуманитар ёрдам тўғрисида”ги Ҳукуматлараро битимга мувофиқ Ўзбекистонда фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда, Агентлик томонидан сув ресурсларини мукаммал бошқариш, қишлоқ жойларида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва санитария шароитларини яхшилаш, сув хўжалиги мутахассисларини касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда санъат ва маданият соҳаларида амалга оширилаётган бир қатор лойиҳаларга беғараз молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Швейцариянинг Ўзбекистонда амалга оширган лойиҳаларининг умумий қиймати тахминан 12 000 000 АҚШ долларни ташкил қилади. Агентлик вакиллари 2016 йил октябрь ойида бошланган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” доирасида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясига ташриф буюришди. Агентликнинг Евроосиё департаменти бошлиғи жаноб Кладио Тонйола ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги 1961 йилда ташкил этилган, штаб-квартираси мамлакат пойтахти Берн шаҳрида жойлашган. Бизнинг Агентлик нафақат Шарқий Европа, балки мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳудудидаги мамлакатлар билан ҳам ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлайди. Агентликнинг Евроосиё департаменти Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан ҳамкорлик бўйича алоқаларни йўлга қўйган. Жумладан, агентлигимиз минтақадаги жуда муҳим мамлакат саналмиш Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича лойиҳа иш олиб бормоқда.

Жаноб Кладио Тонйола “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси фаолияти ва унинг Мониторинг маркази билан ҳам танишди ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Лойиҳа доирасида Сув хўжалиги ташкилотларини институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда, жумладан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги бош бошқармаси қошида Ахборот-ресурс марказини яратиш режалаштирилган. “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси тизимида фаолият кўрсатаётган Мониторинг марказлари сув истеъмолчилари уюшмаларини ривожлантириш ва фермер хўжаликлари даражасида сувдан оқилона фойдаланишни қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун фойдали бўлиши мумкин. Шу боис, лойиҳа томонидан туман Мониторинг марказларини Ахборот-ресурс марказининг мувофиқлаштириш нуқталари сифатида ҳамда узвий алоқа механизми сифатида жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Пахта саноати соҳасида энг илғор замонавий ахборот-коммуникация воситалари қўлланилган Марказлашган ахборот тизимининг яратилгани бизда катта таассурот уйғотди. Айниқса, бу тизим бутун республикани, чекка-чекка худудларгача қамраб олгани ҳайратланарли. Қолаверса, эътибор бердим, тизим содда тилда тузилган. Яъни ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмасига эга бўлмаган одам ҳам буни тез ўзлаштира олади. Чекка туманлардаги мониторинг марказларининг самарали фаолият олиб бораётгани ҳам балки шундандир.

Қишлоқ хўжалигини бошқаришнинг бундай мукаммал тизимини сув ресурсларидан самарали фойдаланиш йўналишида ҳам қўллаш керак, деган фикрдаман. Бунинг самарадор андозаси аллақачон ишлаб чиқилиб, мувафаққият билан синовдан ўтказилди.

Маълумки, сув – пахтачилик соҳасида, умуман қишлоқ хўжалигида энг муҳим омил. Агар сув ресурсларини бошқариш ва ҳисоб-китобини олиб боришнинг аниқ ҳамда шаффоф тизими йўлга қўйилса, ҳар томонлама фойдали бўлади. Бу тизимни яратиш орқали Ўзбекистон ўз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш имконига эга бўлади, деган фикрдамиз.

Қолаверса, Ўзбекистон ўзининг очиқ информацион тизими билан қўшни республикаларга ҳам бу борада намуна бўлиши мумкин. Сув ресурсларининг аниқ ҳисоб-китоби ва самарали тақсимоти минтақада жуда муҳим аҳамиятга эга. Истиқболда бу бўйича алоҳида лойиҳалар таклифлари биз томондан кўриб чиқилиши мумкин”. 

Мавзуга оид