Жамият | 22:50 / 14.06.2017
9940
3 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокими Шаҳрихонда халқ билан мулоқот ўтказди

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили эълон қилингач, дастлаб ҳукумат даражасида виртуал қабулхона орқали мурожаатларни кўриб чиқиш жорий қилинди. Оддий фуқаролар тақдири билан боғлиқ бўлган ҳамда йиллар давомида ечими пайсалга солинаётган муаммоларни бартараф этиш механизми яратилди.

Ҳудудларда, хусусан Андижон вилоятида халқ қабулхоналари (жами 17 та) ташкил этилиши мазкур мулоқотнинг иккинчи босқичини белгилаб берди. Эндиликда эса бевосита жойларга чиқиб, аҳоли билан ишлаш тартиби жорий қилинмоқда. Яъни мулоқотлар мурожаат қилувчиларнинг хонадонларида олиб борилмоқда.

Шунга кўра вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида 70 дан зиёд вилоят ташкилоти, идора ва муассаса раҳбарлари шаҳрихонликлар билан учрашди. Мулоқот аввалида вилоят раҳбари барча жабҳаларда олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталди. Коммунал соҳа, меҳнат ва бандлик, йўлсозлик, уй-жой қурилиши, ҳуқуқ-тартибот, соғлиқни сақлаш ва таълим, ижтимоий-маънавий соҳаларидаги ислоҳотлар баробарида бартараф этилиши зарур бўлган камчиликлар рўй-рост тилга олинди. Айни вақтда фуқаролардан ҳам истак-интилиш, ҳаракат, ташаббус кўрсатиб меҳнат қилиш пайти келганлиги алоҳида қайд этилди. Бу ҳақда Кун.uz’нинг Андижон вилояти мухбири хабар бермоқда.

Аҳоли вакилларининг муаммоларини ҳал қилиш учун келган мутасаддилар бир неча соат давомида барча мурожаатларни диққат билан ўргандилар. Уларнинг аксарияти жойида ечимини топди.  Хусусан, туман соғлиқни сақлаш тизими учун 5 та янги “Дамас” автомашинаси ҳали мулоқот тугамасдан келтирилди ва тантанали равишда қишлоқ оилавий поликлиникаларга тақдим этилди. Аҳоли талабидан келиб чиқиб суюлтирилган газ баллонлари ҳам шу ернинг ўзида етказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятга ташрифи чоғида арзон нархлардаги янги намунавий лойиҳалар бўйича яна 1000 та уй қуриш кўрсатмаси берилганди. Зичлик борасида олдинги ўринларда турувчи  Шаҳрихон учун мазкур муаммонинг долзарблиги, Президент кўрсатмаси айни шу каби фуқаролар манфаатлари йўлидаги иш эканлиги ўз исботини топди.

- Оилада 12 жонмиз, - дейди Шаҳрихон шаҳрида истиқомат қилувчи Минурахон Насирдинова. – 39 га кирган ўғлимни уйлашим керак. Арзон уйлардан бирини сотиб олишга имкониятимиз бор. Бундай уйлар, биринчи навбатда, айнан биз кабиларга берилиши керак.

Кредит олиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, оилавий бизнесни ривожлантириш хусусида ҳам кўплаб мурожаатлар қайд этилди. Банк мутасаддилари ҳар бир мурожаат юзасидан батафсил маълумот ва маслаҳатлар бердилар, зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Мавзуга оид