Жамият | 14:46 / 14.06.2017
11070
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея 15 йиллик қамоққа ҳукм қилинган америкалик талабани озод қилди

Шимолий Корея ҳукумати 15 йилга қамалган талаба Отто Вомбиерни озод этди. 22 ёшли америкалик 17 ой қамоқда ўтирди, у айни дамда комада экани айтилмоқда. Унинг озод этилгани тўғрисида АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон хабар берди.

Вомбиер қўлга олиш чоғида. Фото AP

Тиллерсоннинг таъкидлашича, Давлат департаменти Шимолий Корея ҳукумати билан музокаралар давомида америкаликни озод этиш ҳақида келишиб олган. Бундан ташқари, Америка ҳукумати КХДР билан қамоқда қолаётган яна уч фуқаро борасида бир қарорга келмоқчи.

Вомбиер ота-онасининг The Washington Post’га айтишларича, талаба кома ҳолатида. У Япониядаги АҚШ ҳарбий базасидан Оҳайо штатидаги Цинциннати шаҳрига олиб кетилади. Шимолий Корея махсус хизматлари Оттонинг ота-онасига у ботулизмга чалингани ва ухлатувчи дори қабул қилганидан сўнг комага тушганини айтишган.

“Бизнинг ўғлимиз уйга қайтмоқда. Ҳозирда бунга худди у автофалокатга йўлиққандек муносабатдамиз. Бугуннинг ўзида ўғлимизни кўрамиз”, - дейди талабанинг отаси Фред Вомбиер.

Америка ОАВ америкалик талабанинг озод этилишини собиқ баскетболчи Деннис Родманнинг КХДРга ташриф билан боғлаган. У бу давлатга хусусий шахс сифатида келди, бироқ «Трамп, эҳтимол, мен бу ерда ҳар иккимизга керакли бўлган натижага эришишга ҳаракат қилаётганимдан хурсанд бўлса керак» дея маълум қилди. Бу Родманнинг КХДРга бешинчи ташрифи.

Маълумот учун, 2016 йилнинг мартида Вомбиер Шимолий Корея меҳмонхоналаридан биридаги ташвиқот плакатини юлиб ташлагани учун 15 йилга қамалганди. Америкалик судда ўз айбини тўла тан олди.

Мавзуга оид