Сотилувчи паспортлар: Қандай қилиб фуқаролик харидоргир товарга айланди?
Борган сари янги мамлакатга кўчиб ўтишни истовчи кишилар сони кўпаймоқда. Кимдир очилажак янги имкониятлар кетидан қувса, бошқа биров барқарорлик излайди - барчанинг йўлидан эса миграцияга қарши сиёсат ва кўплаб мамлакатларнинг ўз чегараларини ёпишга уриниши каби тўсиқлар пайдо бўлмоқда. Буларнинг бари "пул эвазига фуқаролик"ка бўлган барқарор талабни келтириб чиқармоқда. InsiderPro шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.
Кўплаб журнал ва сайтлар "сизнинг бўлғуси фаровонлигингиз ва хавфсизлигингиз ҳимоясининг ноёб стратегияси"ни ваъда қилувчи реклама эълонларига тўла.
Гап "сармоялар эвазига фуқаролик" ҳақида бормоқда.
Шуниси диққатга сазоворки, реклама нафақат солиқни оптималлаштириш ниятида фуқаролигини ўзгартирмоқчи бўлган бадавлат кишиларга, балки оддий оммага ҳам йўналтирилган. Муаммо нимада?
"Бутун дунёда алоҳида жамиятларни яратишга уринаётган популистик ҳаракатлар авж олмоқда ва бу тезкорлик билан ўзгараётган дунёнинг ўзига хослигига ҳисса қўшмоқда", - дея изоҳ берилади эълонларда.
Борган сари ўз чегараларини мустаҳкамлаб, иммиграция имкониятларини чекловчи мамлакатлар сони кўпаймоқда ва мана шу чекловларни четлаб ўтиш мақсадида мўмайгина пул эвазига бутун бошли янги соҳа пайдо бўлмоқда.
Дунё фуқароси бўлиш истаги
Мана бир неча ўн йиллардан бери турли мамлакатларда инвестициялар эвазига фуқароликка эга бўлиш дастурлари амалда қўлланмоқда. Бу мамлакатларнинг ўзи учун эса улар энг аввало қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилади. Канада, Сент-Китс ва Невис 80-йиллардаёқ бундай дастурларни ишга туширган, кейинги ўн йилликда эса АҚШ ва Буюк Британия ҳам уларнинг қаторига қўшилган.
Аниқ бир дастур спецификаси давлатга боғлиқ. Қоидага кўра, хорижликларга паспорт ва у ерда яшаш ҳуқуқини бериш эвазига бизнесни инвестициялаш ёки мамлакат ҳукуматига маблағ киритиш таклиф қилинади.
Сент-Китс ва Невис 1984 йилда, мамлакат мустақилликни қўлга киритганидан атиги бир йил кейин инвестиция эвазига фуқаролик дастурини ишга туширган. Мақсад аниқ бўлган: ишбилармонларга тропик соҳиллар ва паст солиқлар таклиф қилиб, улардан имкон қадар кўпроқ пул олиш.
Дастлаб бу таклифдан фақатгина бир неча юз киши фойдаланган. Аммо 2009 йилга бориб - асосан кенг маркетинг кампанияси натижасида - орол давлат паспорти эгалари Шенген зонасининг 26 мамлакатига визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлишди, шундан кейин талаб кескин ошиб кетди.
Сўнгги йилларда соҳада ноодатий тезкор ўсиш кузатилмоқда. 2014 йилда АҚШда биринчи марта молиявий йил якунига етмасдан инвесторлар учун виза квотаси тугаб қолди.
Ихтисослаштирилган консалтинг компаниялари сармоячиларни инвестициялар эвазига фуқароликни қўлга киритишга доир юридик маълумотлар билан таништиришади. Лондоннинг CS Global Partners компаниясининг расмий маълумотларига кўра, сўнгги йил ичида унинг хизматларига қизиқиш билдирувчилар сони тўрт карра ошган.
"Биз катта ўзгаришларни кузатяпмиз. Анъанавий бозор аввалгидек фаолият юритмоқда ва у жуда фаол, аммо энди бизга ҳеч қачон инвестиция эвазига иккинчи фуқароликка қизиқиш билдирмаган мамлакатлар фуқаролари ҳам онлайн мурожаат қилишмоқда. Масалан, март ойида Туркиядан мурожаатлар сони 400 фоизга ошди", - дейди компания бош директори Миша Эммет.
Бундай қизиқиш кўпгина омилларга асосланган, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқини тарк этишга доир қарори ва 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловлари шулар жумласидандир.
"Буюк Британия фуқаролари "Б режаси" ҳақида жиддий ўйланиб қолишди. Британия Brexit референдуми натижаларини эълон қилган куни телефон қўнғироқлари тинмади. Одамлар кўчаларда ҳам менга мурожаат қила бошлашди! Ҳақиқий ваҳима бошланди", - дейди Эммет.
Бошқа мижозлар
Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, "заҳира"даги фуқаролик билан, биринчи навбатда, такомиллашган бозор иқтисодиётига эга мамлакатлардан бадавлат хусусий инвесторлар қизиқишади.
Бироқ хорижликларга грин-карта эвазига кўчмас мулк соҳаси лойиҳаларини сармоялаш имконини берувчи EB-5 - Америка виза дастури маълумотларининг кўрсатишича, бозорга мутлақо бошқа мижозлар ҳам келмоқда.
Дастур билан ҳамкорлик қилувчи Invest In USA саноат савдо ташкилотининг ижрочи директори Питер Жозеф шундай дейди:
"Биз баъзи мамлакатлар мижозларидан кўпроқ мурожаатлар бўлаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Тахминан 80 фоиз мурожаат Хитойдан келиб тушмоқда, лекин сўнгги бир неча йилда ўсиш асосан Вьетнам, Ҳиндистон ва Бразилия каби мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда".
La Vida Golden Visas'дан Пол Уильямс Европада яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш ва иккинчи фуқароликни олиш ишлари билан шуғулланади. У 50 дан ортиқ мамлакат мижозлари билан ишлайди. Уильямснинг сўзларига кўра, у Brexit'га доир референдумдан кейин биринчи марта Буюк Британия фуқароларининг қизиқиши ошганига гувоҳ бўлган.
Фуқаролик харидоргир товар каби
Кариб денгизи атрофидаги мамлакатларда инвесторларга оқ қумли соҳиллар, паст сармоявий минимумлар, мамлакатда яшаш учун талабларнинг йўқлиги ва мурожаатларнинг тезкорлик билан кўриб чиқилиши каби қулайликларни таклиф қилувчи фуқароликни қўлга киритиш дастурлари жуда машҳур.
Масалан, Гваделупа ва Мартиника ўртасида жойлашган Доминика орол давлати паспортини олиш учун сизга 100 минг доллар керак бўлади. Сиз ҳатто оролда вақт ўтказишга мажбур ҳам эмассиз, мурожаатлар эса дарҳол кўриб чиқилади.
Бундай дастурлар ушбу мамлакатлар учун муҳим даромад манбаи бўлиб хизмат қилади. Сент-Китс ва Невисда паспортлар энг йирик экспорт манбаи ҳисобланади. Жалб қилишга муваффақ бўлинадиган пуллар давлат қарзларини қоплаш ва қурилишларни молиялаштиришга сарфланади. Маълумотларга кўра, инвестициялар эвазига фуқароликка эга бўлиш дастури 2014 йилда Сент-Китс ЯИМнинг 14 фоизини таъминлаган. Бошқа маълумотларга кўра эса, 2015 йилда ҳукумат даромадининг 30 фоизи ушбу дастур улушига тўғри келган.
Бироқ эндиликда нисбатан бой мамлакатлар ҳам сармоя эвазига фуқаролик дастурларини таклиф этишмоқда. Кремний водийси элитаси орасида машҳур бўлиб бораётган Янги Зеландиянинг шундай дастурида иштирок этиш сизга 1,5 миллион Янги Зеландия доллари (1,06 миллион АҚШ доллари)га тушади. Буюк Британияда яшаш ҳуқуқи учун 2 миллион фунт стерлинг (2,58 миллион доллар), АҚШ грин-картаси учун эса - 500 минг доллар киритишга тўғри келади.
Жозефнинг айтишича, EB-5 дастури АҚШга ҳар чоракда 1 миллиард доллардан зиёд маблағ келтиради.
"Биз 2008 йилги молиявий инқироздан кейин экспоненциал ўсишни кузатмоқдамиз. Бугунга келиб талаб 1200 фоиздан зиёдга ўсди", - дея таъкидламоқда у.
Америка дастурига юқори қизиқиш қисман нисбатан барқарор иқтисодиёт ва хавфсиз инвестиция муҳити, шунингдек сармояларнинг минимал даражаси билан изоҳланади. EB-5 дастури ишчи ўринлар ва пул воситаларининг етишмовчилиги кузатилаётган ҳудудларда 500 минг долларлик инвестиция киритишни талаб қилади.
АҚШда ҳар йили дастур бўйича кўпи билан 10 минг виза берилади, мурожаатлар чекловларсиз қабул қилинади ва афтидан, инвесторлар қизиқиши ҳам чегараланмаган. "Ҳозирга қадар 23 мингдан зиёд сармоячи ариза топширган", - дейди Жозеф.
Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда 23 мамлакат, шу жумладан Кипр ва Сингапур ҳам шундай дастурларни таклиф қилмоқда. Бутун Европа бўйлаб бундай таклифлар сони ошиб бормоқда. Ҳозирда Евроиттифоққа аъзо мамлакатларнинг деярли ярми инвестиция эвазига фуқаролик олиш шаклини таклиф қилади.
Мобиллик — ҳамма нарсанинг калити
Хориж фуқаролари 50 мингдан (Латвияда) 10 миллион долларгача (Францияда) суммага яшаш, ишлаш ва янги юрисдикцияда банк хизматларидан фойдаланиш имконини берувчи юридик мақомга эга бўлиши мумкин. Боз устига улар кўпинча турли мамлакатларга визасиз бориб келиш ҳуқуқига эга бўлишади - баъзан шуниси муҳимроқ ҳатто.
Энг талабгор паспортларнинг норасмий рейтинги ҳам мавжуд.
"Баъзи экспертлар паспорт қадрини визасиз саёҳат қилиши мумкин бўлган мамлакатлар сони билан белгилашади", - дейди Эммет. Ҳозирга келиб бу кўрсаткич бўйича биринчи ўрин Германия паспортига тегишли. Кутилмаганда сиёсий изоляционизм гуллаб-яшнаётган глобаллашган дунёда ҳаракатланиш эркинлиги муҳим инвестицион қадриятга айланди.
Америкалик ишбилармон ва Nomad Capitalist асосчиси Эндрю Хендерсон тўрт паспортга эга бўлиб, бешинчисини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда. Хендерсоннинг сўзларига кўра, бундай хилма-хиллик унинг ишбилармонлик фаолиятига кўпроқ имкониятлар яратади. Масалан, Комор ороллари ва Сент-Люсия дастурларидаги инвестициялар унга нисбатан камроқ солиқ тўлашда ёрдам беради.
У инвестиция эвазига фуқаролик бозорида таклиф ва талаб ўсишда давом этади, деб ҳисоблайди.
"Ўйлашимча, дунё кўчманчи ҳаёт тарзига қайтмоқда. Одамлар бир жойда яшашни хоҳлашмаяпти. Улар турли ёқимли масканларда бир, икки ёки уч базага эга бўлишни ҳамда камроқ солиқ тўлашни исташмоқда. Биз айнан шундай ҳолатни кузатяпмиз".
Уильямснинг сўзларига кўра, фуқаролик бозоридаги талабнинг ўсиши дунёдаги тартибсизликлар даражасининг билвосита кўрсаткичи сифатида хизмат қилади. Унинг айтишича, сармоячиларнинг асксарияти учун бу дастурлар муайян хавфлардан ўзига хос суғурталаниш усулидир.
"Мижозларимизнинг аксарияти сармоя киритган мамлакатга кўчиб ўтиш ниятида бўлмайди. Шундай бўлса-да, улар ҳимояланишга тўғри келган тақдирда заҳира вариант борлигини билишади", - дейди у.
Чаканага ватан хариди
Бундай дастурлар атрофида қарама-қаршиликларга тўла баҳслар авж олади, албатта. Охир-оқибат, фуқаролик савдо объектига айланиши керакми? Кимлардир бу саволга қатъий "йўқ" жавобини беради.
Йил бошида америкалик икки сенатор - Дайэнн Файнстайн ва Чак Грассли EB-5 дастурини бекор қилишга доир қонун лойиҳасини тақдим этишди.
"Миллионлаб одамлар визага навбат кутаётган бир пайтда бадавлат кишиларга фуқароликка эга бўлишнинг алоҳида йўлларини таклиф қилиш тўғри эмас", - деди Файнстайн.
Шунингдек танқидчилар пул ўмариш, жиноий фаолиятга доир муаммоларга ҳам асосланишмоқда.
Дарҳақиқат, йирик пуллар ва халқаро кўчмас мулк ҳақида гап борадиган жойларда фирибгарликнинг авж олиши табиий. Биргина шу ойнинг ўзида ФРБ хитой инвесторлари иштирокида EB-5 визаларига доир 50 миллион долларлик фирибгарлик операцияларини фош қилди.
Экспертларнинг айтишларича, чегаралар бирин-кетин ёпилаётган бугунги дунёда бундай хизматларга бўлган талаб ошаверади.
Пол Уильям Brexit'дан хавотир олаётган Буюк Британия фуқароларига қандай маслаҳат бериши мумкин?
"Келажак ноаниқ, лекин ҳозирча улар буни ҳеч нима қила олишмайди, зеро улар ҳали-ҳануз европаликлар. Икки йилдан кейин, агар Британия ЕИга таъсир қилишнинг айтайлик Америкадек даражасига чиқса, кўпчилик буни нимадир қилишни истаб қолади", - дейди у.
Мавзуга оид
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
21:16 / 31.10.2024
Президент Навоий вилоятида йирик ва стратегик лойиҳалар билан танишди
22:46 / 26.10.2024
Дунёдаги энг нуфузли бизнес-индекс тикланди
21:10 / 22.10.2024