Жамият | 22:13 / 21.06.2017
8167
3 дақиқада ўқилади

Шотландиялик уйини сотолмагач, уй учун лотерея ўйналишини эълон қилди

46 ёшли шотландиялик Шеймус Фитцсимонс 2017 йил июнда Глазго чеккасидаги ўз уйини махсус лотерея чиптаси сотиб олган фойдаланувчилар орасида ўйналиши эълон қилинган сайтни яратди. Унинг айтишича, 18-асрда қурилган уй нархи қимматлиги сабабли ҳеч ким уни сотиб олишни истамаган: унинг барча ҳудуди билан биргаликдаги нархи 625 минг фунт стерлингни ташкил қилади.    

Уй эгаси Glasgow Live нашрига берган интервьюсида уйни ўз оиласи учун бир неча йил аввал сотиб олганини маълум қилган. Бироқ улар уйни таъмирлагач муаммоларга дуч келишган: оила бошлиғи ишини йўқотган ва улар тўловларни амалга оширолмай қолишган. Оила дастлаб "анъанавий йўл" билан бориб, уйни риелторлар орқали сотишга ҳаракат қилган. Уйни сотиб олмоқчи бўлганларга уй жуда ҳам ёққани билан унинг нархи "чаққан".  

Уй 2 қаватли бўлиб, 7 та ётоқхона, кичик бассейн, камин, сауна ва бильярд ўйнайдиган хонадан иборат. Шунингдек, уйга бир акр боғ ҳам қўшиб берилади. Оила уйни сотишга муваффақиятсиз уринишлардан кейин, уни ютиб олиш мумкин бўлган лотерея уюштиришга қарор қилди.  

Фитцсимонслар 5 фунт стерлингдан барча истовчиларга уй ўйналадиган лотерея чипталари таклиф қилишмоқда. Улар 2017 йил 18 декабргача 250 мингта чипта сотишга умид қилишмоқда. Агар барча чипталар сотилса, оила уй учун сўраётганидан икки баробар кўпроқ, яъни 1,25 млн фунт стерлинг қўлга киритиши мумкин. Агар улар бунга эриша олсалар, улар бир қисм пулни саратонга қарши кураш жамғармасига ажратишмоқчи. Лотерея ғолиби 2017 йил декабрида меҳмонлар, журналистлар ва адвокат кўз ўнгида эълон қилинади.  

The Daily Mail нашрининг таъкидлашича, охирги вақтда борган сари кўпроқ британияликлар ўз уйларини шу тарзда "сотмоқдалар". Мисол учун, Ланкаширда яшовчи Данстэн Лоу 500 минг фунт стерлингли уйига янги эга топиш учун 2 фунт стерлинглик лотерея чипталари сота бошлаган.  

Бироқ ҳамма ҳам бундай лотерея орқали даромад кўра олмайдилар: 2010 йилда ливерпуллик оила 750 минг фунт стерлинглик уйи учун бор-йўғи 10 минг фунт стерлинглик бир неча юзта чипта сотганидан кейин лотереяни тўхтатиб, чипталарни сотиб олганларга пулларни қайтариб беришига тўғри келган.    

Мавзуга оид