Жаҳон | 12:14 / 21.03.2026
2260
2 дақиқада ўқилади

Шотландияда атом сувости кемалари базаси яқинида икки киши қўлга олинди

Шотландияда Британиянинг атом сувости кемалари базасига киришга уринган икки киши — эркак ва аёл қўлга олинди. Қўлга олинганлардан бири, тахминларга кўра, Эрон фуқароси ҳисобланади.

Фото: OBOZ.UA

Шотландия полицияси Британиянинг ядровий тийиб туриш кучлари жойлашган Клайд ҳарбий-денгиз базаси объекти — Фаслейн атом сувости кемалари базасига киришга уринган эркак ва аёлни қўлга олди. Бу ҳақда Лондонда чиқувчи The Guardian газетаси 20 март, пайшанба куни хабар берди. Базада Trident ядровий ракеталари билан жиҳозланган сувости кемалари жойлашган бўлиб, у ташриф буюриш учун ёпиқ ҳисобланади.

34 ёшли эркак ва 31 ёшли аёл мамлакатдаги энг қаттиқ қўриқланадиган ҳарбий объектлардан бирига кириш учун рухсатнома сўраган, аммо рад жавобини олган. Кейинроқ улар база яқинида қолиб, шубҳали тарзда ҳаракат қилгани учун полиция ходимлари томонидан қўлга олинган.

The Guardian манбалари маълумотига кўра, эркак Эрон фуқароси, аёлнинг фуқаролиги эса ҳозирча аниқланмаган. Қўлга олинганларнинг мақсади номаълум. Ҳокимият ҳозирча содир бўлган ҳолатни жиддий таҳдид сифатида баҳоламаётган бўлса-да, жосуслик версиясини истисно қилмаяпти. Кейинги вақтларда Британия махсус хизматлари Эрон билан боғлиқ эҳтимолий таҳдидларга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Қўлга олинганлар ҳибсда қолмоқда, тергов давом этмоқда. Қироллик ҳарбий-денгиз флоти вакили шундай деди: “Шотландия полицияси 19 март, пайшанба куни Клайд ҳарбий-денгиз базасига киришга муваффақиятсиз уринган икки кишини қўлга олди. Иш давом этаётган тергов предмети бўлгани сабабли, биз қўшимча изоҳ беришдан тийиламиз”.

Шу куни — 19 мартда Вестминстер магистратлар суди олдида 40 ёшли Эрон ва Британия фуқароси Неъматилла Шохсаваний ҳамда 22 ёшли Эрон фуқароси Алиризо Фаросатий ҳозир бўлди. Уларга Лондон ва унинг атрофидаги ҳудудларда яҳудий жамоасига алоқадор объектлар ва шахсларни кузатганлик айблови қўйилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид