Ўзбекистон | 22:47 / 21.06.2017
10001
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда элчихона ва халқаро ташкилотларнинг Йўл хариталари ишлаб чиқилмоқда

Ўзбекистонда фаолият юритаётган элчихоналар ва кўп тармоқли халқаро ташкилотлар фаолияти бўйича Йўл хариталари ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Халқаро Пресс-клубнинг кўп томонлама алоқаларга доир йиғилишида маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда кўп томонлама дипломатия - устувор, чунки ҳозирги глобаллашув даври шуни тақозо қилмоқда. 

"Ҳозирда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан ҳар бир элчихона фаолиятининг йўл харитаси ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, БМТ каби кенг тармоқли ташкилотларнинг фаолияти бўйича ҳам йўл хариталари ишлаб чиқилади. 

Йўл харитлаларига юзаки ёндашув бўлмайди, уни мутахассислар томонидан ўрганиб чиқиш, унинг дастлабки эшитувини ташкил қилиш ва расмий тасдиқлаш жараёнидан ўтиш керак бўлади. Янгиланган ташқи сиёсатнинг муҳим белгиларидан бири ҳам шу", - дейди Сафоев. 

Ҳозирда янгиланган ташқи сиёсат доирасида барча мамлакатлар билан тезкор алоқалар йўлга қўйилмоқда. Сафоев барча мамлакатлар билан иқтисодий, маданий-гуманитар, хавфсизлик ва экология каби масалаларда ҳамкорлик алоқалари давом эттирилишини таъкидлади ва бу халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланаётганини маълум қилди.

Мавзуга оид