23:44 / 22.06.2017
20569

Бектемир туманида Мажбурий ижро бюроси бўйича тарғибот йиғилиши ўтказилди

22 июнь куни Бектемир туманининг “Зилола” маҳалласида туман прокуротураси томонидан анжуман ташкил этилди. Йиғилишда “Зилола” маҳалла фуқаролар йиғини аъзолари ҳамда ёшлар иштирок этишди. 

Тадбирда иштирокчиларга Бектемир тумани ИИБ Қўриқлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари Равшан Абдуллаев томонидан кўп қаватли уйлардаги ва якка тартибдаги хусусий хонадонларни техник қўриқлов пультига улаш ҳамда турар-жой ва бошқа объектларга видеокузатув мосламалари ўрнатишнинг афзалликлари тўғрисида керакли маълумотлар берилди.

Шунингдек, Бектемир туманининг прокурор ўринбосари Сарвар Аҳмедов ҳамда прокурор ёрдамчиси, 3-даражали юрист Сарвар Комилжонов аҳолига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5059-сонли фармонининг мазмун-моҳиятини таништириб ўтишди. 

Бундан ташқари, йиғилганларга 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилиши ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди.

Тадбир якунидан сўнг, прокуратура вакиллари маҳаллада яшовчи хонадонларга ташриф буюриб, янгиликлардан бохабар этишди. Шунингдек, эндиликда газ ва электр энергияси тўловлари Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилишини маълум қилинди.

 

 

Top