19:15 / 22.06.2017
53049

Собиқ иттифоқ Ҳитлер урушга тайёргарлик кўраётганини ҳужумдан уч ой олдин билган

Собиқ иттифоқ қуролли кучлари қўмондонлиги нацистлар Германиясининг урушга тайёргарлиги ҳақида 22 июндан уч ой олдин хабардор бўлган. Бироқ, бу жосуслик маълумотларига ишончсизлик билан қарашган, дейилади генерал-лейтенант Кузьма Деревянконинг хотираларида. Улардан махфийлик мақоми Россия мудофаа вазирлиги томонидан Иккинчи жаҳон уруши бошлангани санасига 76 йил тўлиши муносабати билан олиб ташланди.

Деревянко уруш бошланган пайт Болтиқбўйи алоҳида ҳарбий округи штаби жосуслик бўлими раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган. Деревянко ва яна олти нафар советлар саркардаси томонидан уруш бошланиши ҳақида хотиралар советлар армияси бош штаби ҳарбий-тарихий бошқармаси илтимосига кўра 1953 йилда ёзилган. Улар Россия мудофаа вазирлиги сайтида илк бора эълон қилинди.

"Қўмондонлик ва округ штаби Германиянинг Собиқ иттифоққа қарши урушга жиддий тайёргарлик кўргани борасида ишончли маълумотларга эга бўлган. Бу ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан икки-уч ой муқаддам рўй берган. Жосуслик бўлими томонидан турли манбалар орқали олинган маълумотдан ташқари, жосуслик бўлими раҳбари ва мен 1941 йилнинг март-апрель ойиларида округ қўмондонлигига шахсий кузатувлар ҳақида ҳисобот берганмиз. Улар бизнинг Мемель, Шарқий Пруссия ва Сувалк вилоятидаги ишимиз пайтида олинган", - дея ёзди Деревянко.

Жосуснинг хотираларига кўра, июнь ойи бошидаёқ Болтиқбўйи алоҳида ҳарбий округи қўмондонлигига Ҳитлер қўшинлари ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълумот етказилган.

"Ҳитлер Германияси томонидан ҳарбий ҳаракатлар бошланиши вақтига оид маълумотлар округ штабига июнь ойининг бошида келиб туша бошлаган. Улар жосуслик бўлими томонидан йиғилган. Урушдан аввалги энг сўнгги ҳафтада бу маълумотлар деярли ҳар куни келарди, шу билан бирга, 3-4 кун аввал эса нафақат кун, балки ҳарбий ҳаракатлар қайси соатда бошланиши ҳам айтила бошланди. Бу маълумотларнинг бари жосуслик бўлими томонидан округ штаби бошлиғига тезкорлик билан етказиларди ва жосуслик бошқармасига шифрлаш орқали бериларди", - дея таъкидлаб ўтди Деревянко.

Шу билан бирга, генералнинг қайд этишича, Болтиқбўйи алоҳида ҳарбий округи жосуслари уруш бошланишига қадар қўмондонликдан ўз ишларининг баҳоланиши борасида маълумотлар олмаган.

"Бироқ, менда шундай фикр уйғонган эдики, округ қўмондонлиги хатарга тўла баҳо бермаган ва кўплаб маълумотларга ишончсизлик билан қараган", - дея ёзган ҳарбий қўмондон.

Унинг хотирлашича, Шимоли-ғарбий фронт разведкаси иши, генерал Ватутин штаб бошлиғи этиб тайинлангач, урушнинг иккинчи ҳафтасида анча яхшиланди.

"Душман томонга жосуслик ва қўпорувчилик мақсадида йўлланувчи отрядларни ташкил этишга, шунингдек, бизнинг қўшинлар эгаллаб турган ҳудудда разведка мақсадидаги радио узатиш нуқталарини ташкил этишга катта эътибор қаратилган", - дейилади махфийлик мақоми олинган ҳужжатларда.

Top