Жаҳон | 22:10 / 25.06.2017
11685
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг АҚШдаги элчиси ўз лавозимини тарк этиши мумкин

АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол Россиянинг Вашингтондаги элчиси Сергей Кисляк яқин орада ўз лавозимини тарк этишини айтди. 

"Элчи Кисляк Россиянинг АҚШдаги элчихонасини тарк этишга тайёрланмоқда. Мен унга энг яхши тилакларни билдириб қоламан. Мен давлат хизматида бўлганимда, ҳаттоки бизнинг қарашлар турлича бўлганда ҳам, у билан ишлаш мароқли бўлган", деб ёзди Макфол твиттерда.

Россия томони Кислякнинг тақдири борасида ҳеч қандай расмий изоҳ бермаган.

Аввалроқ "Интерфакс" ахборот агентлиги Россия давлат думасининг халқаро ишлар қўмитасидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда, Россиянинг АҚШдаги элчиси лавозимига Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Анатолий Антонов номзоди маъқулланганини маълум қилганди.

Охирги ойлар АҚШда Кисляк унинг АҚШ президенти Дональд Трамп жамоаси вакиллари билан алоқалари сабабли фаол муҳокама қилиниб келган.

ОАВда эса Трампнинг куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер Трампнинг 2016 йилдаги президентлик пойгаси вақтида ва ундан кейин Кисляк билан камида 3 марта алоқа қилганини яширгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. 

Бундан ташқари, Федерал қидирувлар бюросининг собиқ директори Жеймс Коми конгрессдаги ёпиқ жараёнда сенаторларга Кисляк ва АҚШнинг амалдаги бош прокурори Жефф Сешнс учрашганларини маълум қилган.

Мавзуга оид