Самарқандда таълим ва тарбия муассасаларидаги порахўрлар жиноят устида қўлга олинди
Самарқанд шаҳар прокуратураси билан Ёшлар марказида ўтказилган навбатдаги учрашувда коррупция ва порахўрлик, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда салбий оқибатлари, сўнгги кунларда Самарқанд шаҳридаги таълим муассасаларида юз берган коррупция билан боғлиқ ташвишли ҳолатлар муҳокама қилинди.
Учрашувда сўзга чиққан Самарқанд шаҳар прокурори Фарҳод Шерйигитов жойларда тамагирлик жиноятининг олдини олиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётганлигига қарамасдан, таълим муассасаларидаги айрим ўқитувчиларнинг нафс йўлида турли хил қинғирликлар қилишдан қайтмаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Хусусан, Самарқанд тиббиёт институти қошидаги 2-сон академик лицей директори Б.Б. (бу ерда ва қуйида исм ва фамилиялар ўзгартирилган) фуқаро С.Ж.дан лицейнинг 1-курсида таҳсил олиб келаётган Ш.Н. ва М.А.ни Самарқанд таянч тиббиёт коллежига кўчириш учун 2000 АҚШ доллари талаб қилган. С.Ж.нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига қилинган мурожаатидан сўнг Самарқанд тиббиёт институти қошидаги 2-сон академик лицей директори 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ўз хизмат хонасида қонунга хилоф равишда олаётган пайтда қўлга олинган.
Порахўрлик билан боғлиқ ҳолат худди шундай Самарқанд давлат университети филология факультетининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича декан ўринбосари А.А. билан ҳам кузатилган. У фуқаро Н.Т.нинг жиянлари А.Н., Ш.Т. ва Қ.Т.нинг ҳар бирини 7500 АҚШ долларидан умумий ҳисобда 22.500 АҚШ доллари миқдорида пул маблағларини филология факультетининг 3-босқич талабаси Т.Ш. воситачилигида Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинганлиги айтиб ўтилди.
Йиғилиш давомида ёшларга таълим тарбия бериш жараёнида учраётган яна бир салбий иллат — бу мактабгача таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилишда йўл қўйилаётган қонунбузарлик ҳолатлари учраётганлиги ҳам ачинарли ҳолат эканлиги айтиб ўтилди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 64-сон мактабгача таълим муассасаси мудираси И.Б. фуқаро С.И.дан фарзанди Х.С.ни ушбу таълим муассасага қабул қилиш учун 300 минг сўм ва унинг ойлик тўловлари эвазига деб 157 минг сўм, жами 457 минг сўм пулларни пора тариқасида олган вақтда жиноят устида ушланиб, унинг айби фош этилган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 13-умумий ўрта таълим мактаби директори А.А. фуқаро Н.Қ.дан фарзанди Б.О. мактабнинг 1-синф рус гуруҳига ўқишга қабул қилиш учун 150 АҚШ доллар миқдоридаги пулларни ўз хизмат хонасида қонунга хилоф равишда олаётган вақтда айби ошкор қилинган.
Самарқанд банк коллежининг касбий таълим бўйича директор ўринбосари К.Т. фуқаро С.Х.дан жиянлари У.К. ва М.Н.ни коллежнинг молия йўналишига ўқишга қабул қилиши учун 800 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни коллеж биносида қонунга хилоф равишда олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.
Шаҳар прокурорининг сўзларига кўра, юқоридаги санаб ўтилган ҳолатлар бўйича жиноят устида қўлга олинган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилган.
Йиғилиш давомида ўқитувчиларнинг тамагирлик жиноятига қўл уриши ҳолатларининг олдини олиш, бундай салбий ҳолатларни келиб чиқишига йўл қўймаслик ва келгусида барча таълим муассасаларида юқоридаги каби ножўя хатти-ҳаракатларни бартараф этиш юзасидан вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ва шаҳар халқ таълими бошқармаси мутасадди раҳбарларига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Фарҳод Норбўтаев, журналист
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024