Спорт | 16:42 / 02.07.2017
22165
2 дақиқада ўқилади

Фотомақола: Андижонда қўл жанги бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди

1 июль куни Андижондаги «Соғлом авлод» стадиони яккакураш ишқибозлари билан гавжум бўлди. Ушбу спорт мажмуасида қўл жанги бўйича чемпионлар лигаси халқаро турнири ўтказилди. Мусобақада ўзбекистонлик жангчилар Россия, Беларусь ва Тожикистон давлатларидан келган спортчиларга қарши рингга кўтарилишди. 

Халқаро турнирга ташриф буюрган қўл жанги усталари орасида жаҳон, Европа чемпионатлари ғолиб ва совриндорларининг борлиги ишқибозларда катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақада спортчилар олти вазн тоифасида баҳслашди. 

Жанглар телевидение орқали жонли тарзда эфирга узатиб борилди. Баҳслар олдидан таниқли санъаткорлар томонидан бадиий дастур намойиш этилди.

Уч раунддан иборат жангларда, халқаро турнирлар ғолиби, фарғоналик Ғиёсиддин Жамолиддинов (60 кг) Тожикистон чемпиони Амирхон Отахоновга, андижонлик таниқли полвон Сардор Содиқов (65 кг) Европа чемпиони беларусик Игор Чемякинга, Ўзбекистон чемпиони, қашқадарёлик Бегзод Нурматов (85 кг) Европа чемпиони, жаҳон чемпионати финалчиси, россиялик Алексей Волковга, жаҳон чемпионати финалчиси Илёс Раимов (+90 кг) жаҳон чемпионати совриндори россиялик Александр Солдаткинга қарши жанг қилди.

Беш раунддан иборат жангларда жаҳон чемпиони, тошкентлик Муҳиддин Мамажонов (70 кг) Россия кубоги соҳиби калининградлик Алексей Ильенкога қарши, жаҳон чемпиони, бухоролик Жаҳонгир Жумаев (75 кг) жаҳон чемпионати совриндори, беларуслик Дмитрий Родакка қарши жанг қилди. Муросасиз ўтган жангларда ўзбекистонлик спортчиларидан тўрт нафари ғалаба қозониб, икки нафари мағлубиятга учради.

Қуйида ушбу спорт байрамидан олинган фотосуратлар ҳавола этилган.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон. 
Муаллиф олган фотосуратлар

Мавзуга оид