19:45 / 03.07.2017
9495

Нигерга туя минган жангарилар ҳужум қилди

Нигердаги қишлоққа туя минган жангарилар ҳужум қилишди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар тарқатган.

Маҳаллий ҳукумат вакиллари маълумотига кўра, жангарилар Нигерия билан чегарадан 50 км масофадаги Нгалева қишлоғига бостириб киришган. Улар қишлоқда 9 кишини ўлдириб, аёллар ва болаларни, жами 40 кишини ўғирлаб кетишган.

Ҳозирча ушбу ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир ташкилот зиммасига олмаган. Нигер ҳарбийлари ушбу ҳужум ИШИДнинг «Ғарбий Африкадаги филиали» («Боко Ҳарам») томонидан амалга оширилганини тахмин қилишмоқда. Бу ташкилот вакиллари Нигерияда ҳаракат қилиб, бир неча марта қўшни мамлакатлар ҳудудларига ҳужум қилган.

2016 йил декабрида Нигерия ҳарбийлари «Боко Ҳарам»нинг Самбис ўрмонидаги қароргоҳи яксон қилинганини маълум қилишган, мамлакат президенти Муҳаммад Бухорий эса ушбу ташкилот бутунлай тор-мор қилингани ҳақида баёнот берганди. Аммо бир неча ой ўтиб, жангариларнинг ҳужумлари қайтадан бошланди.

«Боко Ҳарам» 2002 йилда Нигерия ҳудудида ташкил топган, ташкилот аъзолари мамлакатда шариат қонунларини жорий этиб, Ғарб таъсирига қарши курашади. 2015 йил апрелида ташкилот раҳбари Абубакар Шекау ИШИДга қасамёд қилган, ташкилот ИШИДнинг «Ғарбий Африкадаги филиали»га айланганди.

Top