Қуролланган одамлар жума куни Нигер штатининг Папири шаҳридаги Авлиё Мария католик мактабига бостириб кириб, болалар ва ўқитувчиларни ўғирлаб кетган. Нигерия христиан уюшмаси маълумотларига кўра, 303 нафар бола ва мактабнинг 12 нафар ходими (тўрт аёл ва саккиз эркак) ўғирлаб кетилган.

Аввалроқ 215 нафар бола ва 12 нафар ўқитувчи ўғирлангани маълум қилинганди, бироқ кейинроқ Контагора епархияси епископи янгиланган маълумотларни маълум қилди.

«Папиридаги мактабдан қайтганимиздан сўнг, қўнғироқ қилиб, қўшимча маълумот сўрадик, маълум бўлишича, яна 88 нафар ўқувчи қочишга уринишдан кейин қўлга олинган», – деди у.

Мактаб ўқувчиларининг деярли ярми ўғирланган – бу ерда жами 629 нафар ўғил ва қиз ўқувчи таҳсил олиб келган.

Кебби шаҳридаги мактабнинг қизлар ётоқхонасида ўғирликдан кейинги манзара
Africa Independent Television via Reuters

Полиция маълумотларига кўра, қуролланган шахслар жума куни маҳаллий вақт билан соат 02:00 атрофида Авлиё Мария мактабига бостириб кирган ва ётоқхонадан ўқувчиларни ўғирлаб кетган. Хавфсизлик кучлари «ўғирланган ўқувчиларни топиш учун ўрмонларни тинтув қилмоқда».

Нигерия президенти Бола Тинубунинг хорижий сафарлари, жумладан, Жанубий Африкада бўлиб ўтаётган G20 саммити ҳам мамлакатдаги хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш учун қолдирилди.

Айни пайтда бедарак йўқолганларнинг яқинлари янгилик кутмоқда.

«Мен шунчаки уларнинг уйга қайтишини хоҳлайман», – дейди BBC мухбирига олти ва ўн уч ёшли жиянлари ўғирлаб кетилган аёл йиғлаган ҳолда.

«Ҳамма ҳолдан тойди... бу ҳаммани шокка туширди», – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Доминик Адам нашрга. Унинг қизлари ҳам Авлиё Мария мактабида ўқийди, лекин тасодиф туфайли қутулиб қолишган. «Одамлар мамлакатимиздаги хавфсизлик ҳолатидан нолимоқда», – деди у.

Нигер штати расмийлари ҳужум хавфи юқори экани ҳақида разведка маълумотларини олингач, барча мактаб-интернатларни ёпиш тўғрисида берилган буйруқ ушбу мактаб раҳбарияти томонидан эътиборсиз қолдирилган.

«Афсуски, Авлиё Мария мактаби штат ҳукуматини хабардор қилмасдан ва рухсат олмаган ҳолда ўз ишини давом эттирди ва ўқув фаолиятини қайта бошлади, бу эса ўқувчилар ва ходимларни ортиқча хавф остига қўйди», дейилади баёнотда.