Жаҳон | 23:21 / 04.07.2017
9670
3 дақиқада ўқилади

Россия-Хитой музокаралари якуни: 2 баёнот ва 40 та ҳужжат имзоланди

Фото: РИА Новости

Кремлда Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раиси Си Цзиньпин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Етакчилар учрашув натижаларига кўра қўшма матбуот-анжуман бердилар.

Улар 3 июлда Кремлда норасмий тушликда учрашгандилар. 4 июлда эса тўлиқ форматли музокаралар бўлиб ўтди ва улар натижаларига кўра томонлар 2 та баёнот қабул қилишди ва 40 та ҳужжат имзолашди.

Путин Хитой раҳбарининг ташрифини Россия учун йилнинг марказий воқеаси деб атади ҳамда Москва ва Пекин ўртасидаги ҳамкорликнинг "ҳайратланарли динамикасини" таъкидлаб ўтди.  

Путиннинг айтишича, у Хитой раиси билан "Россия-Хитой муносабатларининг бутун спектрини" муҳокама қилган. Бунда асосий роль иқтисодий ҳамкорликка берилган. 

Путиннинг таъкидлашича, 2016 йилда Россия ва Хитой ўртасидаги савдо айланмаси 4 фоизга ошиб, 60 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилган. 

Путин қишлоқ хўжалиги мавзусига ҳам тўхталиб ўтган. Унинг айтишича, Россия Хитойга ғалла етказиб бериш ҳажмини оширади.

Томонлар юқори технологик соҳалардаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратдилар.

"Гап коинот ҳудудини биргаликда ўзлаштириш ҳақида кетмоқда. 2018-2022 йиллар учун коинот соҳасида навбатдаги ҳамкорлик дастури тайёрланмоқда", деб айтган Путин.

Путин Россия ва Хитойнинг ташқи сиёсий устувор вазифаларидан бири сифатида Корея яриморолидаги вазиятни тартибга солишни айтди.  

Икки томон Шимоли-Шарқий Осиёда АҚШнинг THAAD РҚМ тизимларининг жойлаштирилишига қарши чиқдилар ва хавфсизлик соҳасида ўз манфаатларини ҳимоялаш чораларини кўриш ҳақида келишиб олдилар. Пекин ва Москва Шимолий Кореяни синовлар ўтказишга тақиқлов қўйишга, Жанубий Корея ва АҚШни эса минтақада машғулотлар ўтказишни тўхтатишга чақиришди.

Музокаралар натижаларига кўра, ҳар томонлама ҳамкорлик ва стратегик ўзаро ҳаракатларни чуқурлаштириш ва дунёдаги жорий вазият бўйича қўшма баёнотлар қабул қилинди.

Шунингдек, ахборот ҳудудини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик ҳақидаги меморандум ва аҳолининг санитар-эпидемиологик фаровонлиги ва ҳудудларнинг санитар муҳофазаси соҳасида ҳамкорлик бўйича икки томонлама келишув имзоланди. 

Мавзуга оид