Фуқаролар ТИВга асосан қандай масалалар билан мурожаат қилмоқда?
Бугун, 5 июль куни Халқаро пресс-клубда Ўзбекистон Республикаси тарихида илк маротаба Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан жонли эфирда мулоқот ташкил этилди. Ташқи ишлар маҳкамасининг раҳбари фуқаролар ҳамда ОАВ вакиллари томонидан йўлланган саволларга қарийб уч соат вақт давомида жавоб берди.
Ташқи ишлар вазири тўғридан-тўғри мулоқот вақтида фуқаролардан келаётган мурожаатларнинг асосий қисми қайси масалаларга боғлиқ эканини таъкидлаб ўтди.
"Президент виртуал қабулхонасининг ишга тушиши билан бир вақтнинг ўзида хорижда дипломатик хизматда бўлган катта тажрибага эга консуллик ходимлари ва халқаро ҳуқуқшунослардан иборат фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Махсус ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятининг фуқароларни қабул қилиш кунлари тасдиқланди. Вазирлик номига ўтган йилнинг октябрь ойидан то бугунги кунгача жисмоний ва юридик шахслардан 6,5 мингдан зиёд аризалар келиб тушди. Улардан 3 мингга яқини – Президентнинг виртуал қабулхонаси, қарийб 3,5 мингтаси – вазирнинг виртуал қабулхонаси, ягона интерфаол хизматлар портали, вазирликнинг фейсбук тармоғидаги расмий саҳифаси ва электрон почта орқали келган", деди Абдулазиз Комилов.
Вазирнинг қайд этишича, фуқаролардан тушаётган мурожаатларнинг асосий қисмида қуйидаги масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш сўралмоқда:
- шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқолган ҳолатларда Ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш;
- эски намунадаги ёки ҳақиқийлик муддати ўтиб кетган паспортларни янги биометрик паспортга алмаштириш;
- чет элда вафот этган туғишганлари ва яқин қариндошларининг ўлим сабабларини аниқлаш;
- хорижий давлатлар ҳудудларида Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишларнинг холис олиб борилишини таъминлашда ёрдам кўрсатиш,
- алимент ва нафақалар олиниши, шартнома мажбуриятларининг бажарилиши каби масалаларда кўмаклашиш ва бошқалар.
Абдулазиз Комилов жорий йилда чет элдаги фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга кўмаклашиш вазирликнинг асосий вазифаси эканлигини айтиб ўтди.
Мавзуга оид
19:07 / 13.09.2024
Абдулазиз Комилов АҚШнинг Афғонистон бўйича вакили билан учрашди
10:03 / 02.09.2024
“Халқ назорати” портали орқали қилинган мурожаатлар сони 45 мингдан ошди
17:55 / 28.08.2024
Кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади
11:10 / 14.08.2024