Германия федерал канцлери Ангела Меркель Ҳамбургдаги G20 саммити доирасида АҚШ ва Россия президентлари ўртасида воситачи бўлишдан бош тортди. Бу ҳақда у журналистлар билан мулоқот чоғида маълум қилди.
«Бизнинг аниқ нуқтаи назаримиз бор, шу жумладан, Украинадаги вазият бўйича ҳам. Бу жиҳатдан биз Норманд форматида саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз, шу жумладан, АҚШ билан бирга ҳам ечим топишга уринмоқдамиз», — дея фрау Меркелнинг сўзларини келтирган Deutsche Welle.
У ўз вазифасини воситачиликда кўрмаётгани, муаммо ечимига ҳисса қўшишни исташи ҳақида қўшимча қилган.
Меркель хоним Ҳамбург саммити доирасидаги мулоқотлар Суриядаги вазият бўйича ҳам олға силжишлар бўлишига умид қилган.
Бундан ташқари, Германия раҳбарининг сўзларига кўра, саммит давомида Киев ва Москванинг позицияларини яқинлаштириш учун ҳаракатлар амалга оширилади.
Россия ва АҚШ президентлари саммит доирасида бугун, Тошкент вақти билан соат 18:45да учрашув бошлайди. Бу икки йирик сиёсатчининг илк учрашуви бўлади.