Идора маълумотича, телекоммуникация тармоғининг ўтказувчанлик қобилиятига боғлиқ айрим узилишлар бўлиши мумкин, аммо бу умуман қўнғироқ қилишни имконсиз этмайди.
Украина Олий радаси инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец 20 январ куни Telegram’да, гумонланувчининг рафиқасига таяниб, Сергей К. 2025 йил ноябридан буён суд расман рухсат берганига қарамай, бирорта ҳам телефон қўнғироғи қилмаганини ёзган эди. Унинг сўзларига кўра, муассаса маъмурияти бу имкониятни ҳануз “техник жиҳатдан” ташкил этмаган.
BJV эса DW билан суҳбатда Сергей К.нинг аниқ сақлаш шароитлари ҳақида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш сабабли изоҳ бермади.
Омбудсман 20 январ куни Сергей К.га топширилган қишки пойабзал омборда сақланаётгани, аммо унга берилмаётганини ҳам билдирган. Ҳамбург идораси эса тергов изоляторидагилар сўровга кўра муассасада ботинка олиш имконига эга эканини айтди. Айрим турдаги пойабзаллар — жумладан, этиклар хавфсизлик нуқтаи назаридан рухсат этилмаслиги мумкин, чунки улар оёққа электрон браслетни тақишни қийинлаштиради.
Дмитрий Лубинецнинг маълум қилишича, Сергей К. “алоҳида хавфли шахслар” учун ажратилган секторда, амалда 23 соат якка камерада сақланмоқда.
BJV изоҳига кўра, айрим ҳолларда тергов изоляторидагиларга фақат чекланган мулоқотга рухсат берилиши, ҳатто тўлиқ мулоқот тақиқланиши ҳам мумкин. Бундай чекловлар одатда суд талаби билан қўлланади. Шу билан бирга, маҳаллий қонун ҳар ой камида икки соатлик ташриф ҳуқуқини кафолатлайди. Одатда бу ҳар икки ҳафтада бир соатдан берилади, агар меҳмон узоқдан келса, бир мартада икки соатга ҳам рухсат этилиши мумкин.
Январда омбудсман Сергей К.нинг озиқ-овқат масаласи, унинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, ҳалигача тўлиқ ҳал этилмаганини билдирган.
BJV эса тергов изоляторидагилар “мувозанатли овқатланиш” имконига эга эканини, стандарт рационга балиқ ва гўштсиз таомлар ҳам киришини айтди. Агар маҳбус веган овқатланишни танласа, бу алоҳида турдаги рацион ҳисобланади ва айрим ҳолларда унинг бир қисми муассаса ҳудудидаги дўкондан харид қилиш орқали шахсий маблағ ҳисобига қопланиши мумкин.
Ишга оид маълумотларга эга бўлган украиналик адвокат Иля Новиков Facebook’да Сергей К. веган эканини ёзган. Унинг айтишича, Италиядаги экстрадиция жараёнида Германия номидан Италия прокуратураси судга унинг диетик эҳтиёжлари инобатга олинишини ваъда қилган. Амалда эса унга кунига бир марта вегетариан тушлик берилади, нонушта ва кечки овқат оддий — истаса ейди, истамаса йўқ.









