Жаҳон | 09:37 / 06.09.2025
4218
1 дақиқада ўқилади

Доналд Трамп ЖАРдаги G20 саммитида қатнашмайди

АҚШ президенти Доналд Трамп ноябр ойида Жанубий Африкада бўлиб ўтадиган G20 саммитида қатнашмайди, унинг ўрнига вице-президент Жей Ди Вэнс йиғилишга боради. Трампнинг сўзларига кўра, саммит 2026 йилда унинг Майами яқинидаги голф клубида бўлиб ўтади.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп 5 сентябр, жума куни Жанубий Африкада 22 ва 23 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган G20 саммитида қатнашмаслигини маълум қилди. АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс G20 саммитида Оқ уй раҳбари ўрнига қатнашади.

Трампнинг сўзларига кўра, 2026 йилги G20 саммити декабр ойида ўзининг Майами яқинидаги Дорал шаҳридаги голф клуби ва курортида бўлиб ўтади.

«Ҳа, у Доралда бўлиб ўтади. Ҳамма унинг ўша ерда бўлишини хоҳлайди, чунки у аэропорт ёнида, энг яхши жой, гўзал», — дея АҚШ президентининг сўзларини келтиради AFP. Республикачи учрашув ташкил этишдан пул ишламаслигини таъкидлади. «Бу шартнома пулга боғлиқ эмас», деди у.

Трамп, шунингдек, АҚШда бўлиб ўтадиган G20 саммитида Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Жинпингни қабул қилишдан хурсанд бўлишини айтди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид