Жамият | 15:43 / 07.07.2017
14053
2 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Фуқаролар Нотариал идоралар фаолиятидан нега норози?

Жорий йилнинг 12-17 июнь кунлари давомида “Тараққиёт стратегияси” марказининг расмий веб-сайти орқали “Нотариат идоралари халққа хизмат қилиши керак” мавзусида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларидан жами 1104 нафар фуқаро иштирок этди.

Жамоатчилик фикри сўровини ўтказиш жараёнида фуқаролардан нотариал идоралар томонидан хизмат кўрсатиш тартиб-таомиллари, нотариал хизматлар учун олинадиган давлат божи миқдорлари ҳақида фуқароларнинг қай даражада ахборотга эга эканликлари ёки ноқонуний хатти-ҳаракатларга гувоҳ бўлганликлари каби ҳолатлар ҳақида сўралди. Респондентларнинг кўп қисмини, яъни 58.1 фоизни Тошкент шаҳри ташкил қилди.

Сўровнома натижасига кўра, респондентларнинг кўпчилиги 64.9 фоизи (716 нафар) нотариал идоралар хизматидан фойдаланганда ноқонуний хатти-ҳаракатларга гувоҳ бўлганликлари, 21 фоизи (231 нафар) гувоҳ бўлмаганликлари маълум бўлди. 

Ушбу ҳолатларни батафсил аниқлаштириш мақсадида, нотариал хизматдан фойдаланиш вақтида қуйидаги ноқонуний хатти-ҳаракатларга гувоҳ бўлганликлари маълум бўлган:

- Прейскурантда белгиланганидан кўпроқ ҳақ олинади (678 нафар иштирокчи);
- Ходимлар хизмат кўрсатишдан асоссиз бўйин товлашади (420 нафар респондент); 
- Ортиқча ҳужжатлар талаб қилинади (319 нафар респондент). 

Сўров жараёнида фуқаролардан нотариал идоралар фаолиятида қандай муаммоларга гувоҳ бўлганликлари ҳақида сўралди. Сўров натижаларининг кўрсатишича, респондентларнинг кўпчилиги, яъни 788 нафари нотариал тасдиқлаш учун бир неча соат ёки кунлаб вақт кутишга тўғри келганини билдирганлар. 542 нафар респондент томонидан таниш-билишларга, телефон орқали айтганларга яхши хизмат кўрсатилиши, 529 нафар респондент нотариал идора ходимлари томонидан мижозларга қўпол муомалада бўлиш муаммоси мавжудлиги, шунингдек, 465 нафар респондент нотариал идора ходимларининг сони етарли эмаслиги, 241 нафар респондент нотариусларнинг аксарияти замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдалана олмаслигидан шикоят қилганлар. 88 нафар респондент нотариат идораларининг фуқаролар истиқомат қиладиган жойдан жуда узоқда жойлашганини билдирганлар.

Мавзуга оид