Жамият | 23:59 / 08.07.2017
14636
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ва туркиялик шифокорлар ҳамкорликда мураккаб операцияларни ўтказишди

Туркия Жумҳурияти ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Туркия Жумҳурияти Бош вазир девони ҳузуридаги Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги - ТИКА ҳамкорлигида “Ўзбекистон-Туркия Саломатлик ҳафталиги” шу йилнинг 2-7 июль кунлари 7 йўналишда (анестезиология ва реаниматология, болалар кардиоваскуляр жарроҳлиги, урология, гинекология, ортопедия, умумий жарроҳлик ва болалар жарроҳлиги) Туркиядан келган жами 19 шифокор иштирокида амалга оширилди. 

ТИКА ташкилоти ва Туркия Жумҳурияти Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан узоқ йиллардан бери самарали ҳамкорлик қилиб келаётган Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий маркази, Чирчиқ шаҳридаги Перинатал марказ, Янгийўл ва Олмалиқ шаҳарларидаги туғуруқ мажмуалари ҳамда Урганч шаҳридаги Онкология диспансери ва Республика ихтисослаштирилган урология марказининг Урганч бўлимидаги шифохоналарда ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорликда беморларга тиббий хизмат кўрсатилди ва 7,5 соат давом этган оғир операциялар ҳам амалга оширилди. 

“Саломатлик ҳафталиги” давомида ўзбекистонлик ва туркиялик шифокорлар ўзаро тажриба алмашишди ва оғир жарроҳлик амалиётларида камда кам ишлатиладиган услуб ва техникаларни қўллаган ҳолда муваффақиятли операцияларни амалга оширишди. Лапороскопик услубда амалга оширилган операцияларни видеоконференция воситасида бир неча ўнлаб ўзбекистонлик шифокорлар кўриш имкониятига эга бўлдилар. Жумладан, юрак операцияси, цистэктомия, нефректомия ва болаларда лапороскопик усулда қилинган операциялар камералар воситасида намойиш этилди. 

Ўзбекистонлик ва туркиялик шифокорлар иштирокида 5 кун давом этган операциялар натижасида, 180 беморга маслаҳатлар берилиб, улардан 80 нафари бепул операция қилинди. Бу операцияларда 151 нафар ўзбекистонлик шифокорнинг иштирок этиши таъминланиб, туркиялик шифокорларнинг амалий ва назарий билим ва тажрибалари билан ўртоқлашиш имкони яратилди. 

“Саломатлик ҳафталиги” доирасида шифокорларга мурожаат қилган, лекин ҳозирда операция қилиш имконияти бўлмаган 6 нафар бемор боланинг Туркияда операция қилиниши ва даволанишлари бўйича келишиб олинди. Бу болаларнинг Туркиядаги операциялар билан боғлиқ барча ҳаражатлари Туркия Жумҳурияти томонидан қопланади. 

“Саломатлик ҳафталиги”ни муваффақиятли амалга оширишда Туркия Жумҳуриятининг Ўзбекистондаги элчихонаси, ТИКАнинг Тошкентдаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, Ўзбекистондаги клиникалар ва ТРТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Туркиянинг “Анадўлу” агентлиги вакиллари ҳамкорликда иш олиб боришди. 

Мавзуга оид