Иқтисодиёт | 19:42 / 10.07.2017
21033
3 дақиқада ўқилади

Ички истеъмол бозорида нархларни барқарорлаштиришга кўмаклашиш Жамғармаси ташкил этилди

Ўзбекистонда ички истеъмол бозорида нархларни барқарорлаштиришга кўмак кўрсатиш Жамғармаси ташкил этилди. 

Янги жамғарма Ўзбекистон Президентининг “Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари билан ишончли таъминлашга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилди.

Жамғарма юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус жамғармаси кўринишида, унинг маблағлари қатъиян Республика комиссияси қарорлари бўйича сарфланадиган ҳолда ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жамғармага 100 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ тақдим этади.

Жамғарма маблағлари биринчи навбатда, гўшт, ўсимлик ва ҳайвон ёғи, ғалла, ун, картошка, сабзи, бошпиёз, шунингдек, бошқа муҳим ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларини ички бозордаги озиқ-овқат товарларига бўлган талаб ва таклифларнинг мавсумий ва жадал тебранишларини силлиқлаштиришга йўналтирилади.

Жамғарманинг ишлатилган маблағлари кейинчалик харид қилинган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларини ички истеъмол бозорида сотишдан келиб тушадиган маблағлар суммаси ҳисобига тикланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда Республика комиссияси қароридан кейин, танлов асосида, Жамғарма маблағлари ҳисобидан Республика комиссияси томонидан белгиланган ҳажмларда жумладан, гўшт, ўсимлик ва ҳайвон ёғи, шунингдек, ички бозорда етишмаётган бошқа муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг импорт қилинишини қисқа муддатларда таъминлайди.

Белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Жамғарма ҳисобидан импорт қилинадиган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари 2018 йилнинг 1 апрелигача божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2017 йилда ўзининг шахсий валюта ресурслари ҳисобидан бюджетдан молиялаштириладиган соғлиқни сақлаш муассасалари, аввало, оилавий поликлиникалар, шошилинч ва тез тиббий ёрдам муассасалари учун дори воситалари ва тиббиётга мўлжалланган буюмларни харид қилишга эквиваленти 70 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қўшимча валюта маблағларини ажратади.

Мавзуга оид