Ўзбекистон | 20:15 / 10.07.2017
47537
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сергели туманига борди

Фото: ЎзА

Шавкат Мирзиёев 10 июль куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида бўлиб, туманда бунёд этилаётган уй-жойлар қурилиши билан танишди. 

ЎзА хабарига кўра, Сергели туманининг 6-мавзесида 66та 7 қаватли уй бунёд этилмоқда. Бу уйлар қурилиши мустақиллик байрамининг 26 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилади. Мазкур турар жойлар туфайли 2 минг 500 дан зиёд оила янги уйга кўчиб ўтади.

Сергели туманидаги қурилиш ишлари учта майдонда олиб борилмоқда. 6-мавзедаги 66 та етти қаватли уй мустақиллик байрами арафасида ўз эгаларига топширилади. Бошқа майдонлардаги 36та кўп қаватли уйларни қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилган. 

Уйлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан замонавий қилиб барпо этилмоқда. Шунингдек, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, дам олиш жойлари, поликлиникалар, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари ва инфратузилманинг бошқа объектлари қурилиши режалаштирилган. 

Президент ушбу уйлардан бирига кириб, бу ерда яратилаётган шароитлар билан қизиқди. 

«Мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича замонавий тизим яратилди. Бу одамларнинг кўп йиллик орзу-истакларини рўёбга чиқарадиган муҳим йўналиш. Бу ишларни ўз вақтида бошламаганимизда шундай натижага эриша олармидик», деди президент. 

Давлат раҳбари соҳадаги ишларни яна бир бор танқидий кўриб чиқиш, одамлар ҳаёти учун яратилаётган қулайликларни янада ошириш, бунда масаланинг ҳар бир жиҳатига эътибор бериш зарурлигини таъкидлади. 

Қурилиш ташкилотларининг моддий-техник ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, массивларда манзарали дарахтлар ва гуллар экиш, шаҳарсозлик маданиятини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Бу ерга кўчиб келадиган аҳолининг дунёқарашини бойитиш ва масъулиятини ошириш, аёллар ва ёшлар учун иш жойлари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Шу ерда Сергели туманини комплекс ривожлантириш бўйича истиқболдаги режалар намойиш этилди.

Мавзуга оид