Президент раислигида Тошкент шаҳри, хусусан Сергели туманини ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Сергели туманида катта ўзгаришлар бўлганини таъкидлади. Яқин-яқингача пойтахтнинг чекка ҳудуди ҳисобланган Сергелида аҳоли ишлаш, даромад топиш, дам олиш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш учун асосан шаҳар марказига боришга мажбур эди. Бугун эса туманда муҳит ва одамларнинг яшаш тарзи тубдан ўзгарди.

Сергелида “ҳаёт қайнаяпти”. Сўнгги ўн йилда бу ерда 30 минг хонадонли янги уй-жойлар, умумий майдони 2 миллион квадрат метр бўлган саноат, савдо ва сервис обектлари барпо этилди.

Тадбиркорлар сони 2,5 мингтадан 6 минг 200 тага кўпайди. Туманда шаклланган бюджет тушумлари 382 миллиард сўмдан 2 триллион 200 миллиард сўмга, яъни 5,5 баробар ошди. Аҳоли учун 5 та йирик дам олиш маскани ва истироҳат боғлари ишга туширилди.

Тошкент вилоятидан ўтган 13 та маҳалланинг ҳисобига Сергели тумани ҳудуди 1 минг 800 гектарга кенгайиб, жами 5,6 минг гектарга етди. Сергелини бошқа туманлар ва шаҳар маркази билан боғлайдиган 9 километрлик йўл, 8 та стансиядан иборат янги метро линияси бунёд этилди.

Мактаб ўринлари 25 мингдан 38,5 мингга, боғча ўринлари 7,5 мингдан 15,5 мингга кўпайди. 50 та давлат ва хусусий клиника ташкил этилди.

Муаммолар ҳали кўп

Даврон Исматов, Сергели тумани ҳокими

Ривожланиш баробарида транспорт, йўл, электр, сув ва канализация каби инфратузилма тармоқларини яхшилаш бўйича ечимини кутаётган масалалар ҳам ҳали кўплиги қайд этилди.

Аҳолини хатловдан ўтказиш бўйича дастлабки натижалар Сергели туманида реал вазиятни аниқ кўрсатди. Илгари туман аҳолиси 181 минг нафар деб юритилган бўлса, хатлов натижасига кўра, ҳудудда аслида 236 мингга яқин аҳоли яшаётгани маълум бўлди.

Яқин йилларда Сергели аҳолиси 300 минг нафардан ортиши кутилмоқда. Шу боис, раҳбарларда уй-жой, боғча, мактаб, поликлиника ва иш ўринларини аҳоли ўсишига мос равишда кўпайтириш бўйича ҳозирдан аниқ режа ва дастур бўлиши зарурлиги таъкидланди.