Иқтисодиёт | 20:43 / 12.07.2017
25384
2 дақиқада ўқилади

Швейцария миллий банки раҳбари Ўзбекистон пул-кредит сиёсати ислоҳоти ҳақида

Бошқарув кенгаши раиси Томас Жордан бошчилигидаги Швейцария Миллий банки (The Swiss National Bank, SNB) делегацияси айни пайтда Ўзбекистонда бўлиб турибди. Мамлакатимизда бўлган икки кун ичида меҳмонлар марказий банк, Банклар ассоциацияси ва Ўзбекистоннинг бошқа идораларида сермаҳсул учрашувлар ва музокаралар ўтказишга улгуришди. Бугун эса улар кўҳна ва навқирон Бухорода бўлишди. 

Ташриф давомида делегация раҳбари Т.Жордан «Жаҳон» ахборот агентлигига эксклюзив интервью берди. Жумладан, у «Жаҳон» АА мухбири Ш.Турғунбоевга шундай деган:

— Биз замонавий Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлардан жуда яхши хабардормиз. Мамлакат иқтисодиётда, шу билан бир қаторда банк соҳасида муҳим ислоҳотларни кўтаринки руҳда амалга ошираётганини кўриш қувончли. Мен республикадаги саъй-ҳараакатларнинг қамрови ва миқёсидан чиндан ҳам ҳайратга тушдим.

Ўзбекистон жуда катта салоҳиятга эга, узоқни кўзлаб олиб борилган сиёсат билан истиқболда салобатли иқтисодий ўсиш ва равнаққа эришиш мумкин.

Ўзбекистонда режалаштирилаётган пул-кредит сиёсати бизда жуда катта қизиқиш уйғотмоқда. Биз ташланаётган қадамларни синчковлик билан кузатмоқдамиз ва Марказий банк ислоҳотларнинг оптимал йўлини танлашига ишончимиз комил. 

Қайд этиш қувонарлики, бизнинг идораларимиз орасида яқин алоқалар ўрнатилган. Биз нафақат алоқаларнинг ўрнатилган даражасини сақлаб қолиш, шунингдек, ҳамкорлигимизни ҳартомонлама кенгайтириб, амалий мазмун-моҳият билан бойитмоқчимиз. Хусусан, айни пайтда монитар сиёсатнинг турли жабҳаларига оид бир қатор қўшма лойиҳалар муҳокама этилмоқда. Бизнинг банкимиз ўзгаришларни ўтказиш жараёнида Ўзбекистон марказий банкига кўмак ва маслаҳат беришга тайёр.

Бизнинг ҳамкорлигимиз шулар билангина чекланиб қолмайди ва биз иккитомонлама манфаатли ҳамкорлик учун янги йўналишларни излаб топиш ниятидамиз.

Мавзуга оид