Жаҳон | 11:16 / 14.07.2017
8474
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда 25 киши президент бўлиш истагини билдирди

Қирғизистондаги президентлик пойгасида 25 киши иштирок этиш ниятини билдириб, МСКга ўз номзодларини рўйхатга олиш учун расмий ҳужжатларини юборди. Бу ҳақда РИА Новости Қирғизистонда сайловлар ва референдум ўтказиш бўйича Марказий комиссия матбуот хизмати вакилига асосан хабар берди.

Қирғизистонда президентлик сайловлари 15 октябрга белгиланган, номзодларни илгари суриш эса 15 июндан бошланди. Мамлакат конституциясига кўра, давлат раҳбари битта олти йиллик муддатга сайланади. Бир киши ўз ҳаётида фақатгина бир бор олий лавозимни эгаллаши мумкин. Лавозимини тарк этаётган президент Алмазбек Атамбоев ўзига ворис тайёрлаш ниятида эмаслигини бир неча бор маълум қилган.

"Бугунги кундаги маълумотларга кўра, Қирғизистон Республикасининг 21 фуқароси ўз номзодини президентлик лавозимига илгари сурган, шунингдек, тўртта сиёсий партия ҳам номзодларини тақдим этди", - дея хабар берган МСК вакили.

Мамлакатдаги олий лавозим учун даъвогар бўлган барча шахслар 26 август кунига қадар ўз номзодини қўллаб-қувватлаган 30 минг киши имзосини йиғиши ва МСКга тахминан 15 минг доллар миқдоридаги бадал пулини тўлаши лозим, шунингдек, улар давлат тилини билиш бўйича тестдан ўтказилади.

Мавзуга оид